Қирғизистонда Бишкекдаги тартибсизликлар қурбонлари хотирасига мотам эълон қилинди

Бишкек
Image caption Ола-Тоо майдонига эрталабдан кўплаб одамлар тўпланганди

Минглаб қирғизистонликлар шу ҳафта юз берган ғалаёнлар чоғида ҳалок бўлган 75 инсонни хотирлагани пойтахт Бишкекдаги асосий майдонга тўпланган. Мотам маросими пойтахтнинг Ола-Тоо марказий майдонида Қуръон тиловат қилиш билан бошланган.

Маросимда сўнгги кунларда қурбон бўлганлар Ота-Бейит миллий қабристонида дафн этилиши эълон қилинган.

Лекин қурбонлар яқинларининг аксари уларни киндик қонлари тўкилган ҳудуларга олиб кетишларини айтишмоқда.

Қирғизистонда жума ва шанба кунлари миллий мотам кунлари, дея эълон қилинган.

Ўтган тунда бутун Бишкек бўйлаб отишмалар овози тинмаган. Гувоҳлар ташимачилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашувлар бўлганини айтишади.

Соғликни сақлаш вазирлигига кўра, сўнги зўравонликлар ортидан ҳақиқий ва резина ўқларидан яраланган 67 одамга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Вазирлик ҳозирга қадар зўравонликларда, ҳаммаси бўлиб, 1520 киши жароҳат олганини айтган.

Мухолифат раҳбарлари мамлакат бўйлаб назоратни кучайтиришга ҳаракат қилаётир, аммо президент Қурманбек Бакиев ўз мағлубиятини тан олмаслигини айтган. У Би-би-си билан суҳбатда мамлакат жанубида эканини маълум қилган.

Расмийлар ўтган тунда Бишкекда юз берган зўравонликлар чоғида бир қатор ёшлар қўлга олинганини маълум қилганлар.

"9 апрел соат тунги 1 га бориб милиция, аскарлар ва кўнгилли ташкилотлар томонидан ўтказилган амалиётлар туфайли Бишкек зўравон тартиббузарлардан тозланди," дейилади Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

"Асосан ёши 25 дан паст бўлган бир неча одам қўлга олинди," дейилади баёнотда.

Айни пайтда, шаҳар марказидан ғалаёнлар пайтида ёқиб ташланган енгил ва оғир машиналар олиб ташланмоқда.

Собиқ Ташқи ишлар вазири Роза Отунбаева етакчилигидаги янги ҳукумат мамлакат бўйича назоратни тўлиқ ўрнатишга муваффақ бўлганини даъво қилмоқда.

Пойтахт Бишкекка Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг махсус вакили Жанибек Қарибжанов келгани хабар қилинган.

Олдинроқ БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Қирғизистонга махсус вакилини юборган.