Жанубий Қирғизистон: кимга - амал, кимга - қамал

Ўш
Image caption Жанубий Қирғизистонда вазият осойишта

Ўш мотам тутаяпти. Масжидларда Бишкекдаги воқеалар пайтида жон таслим қилганлар ҳаққига дуо-тиловатлар эшитилади…

Жанубий Қирғизистонда пойтахт Бишкекдаги ғалаёнлар ортидан оммавий тартибсизликлар рўй бермаган.

Жойлардан келаётган хабарларга биноан, минтақанинг аксар шаҳар ва туманларида осойишталик сақланмокда.

Президент Бакиевнинг она юрти бўлмиш Жалол-Обод шаҳридагина айрим нохуш ҳоллар, масалан, маҳаллий рўзнома идораси биносига номаълум кимсалар томонидан ўқ отилгани қайд қилинган. Ойналар синган, лекин қурбонлар йўқ.

Икки кунлик "танаффусдан" кейин кўчаларда яна давлат автомобиль назорати, милициянинг кузатув хизмати ходимлари кўрина бошлаган.

Кеча минтақанинг йирик шаҳарлари аҳли тунда безорилик, талончилик ҳоллари бўлиши эҳтимолидан ташвиш чекаётган эди. Бугун ҳар уч жанубий вилоят милиция бошқармалари жиддий жиноятлар қайд қилинмаганини таъкидлаган.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси ахборотича, "жиноятчилик одатдагидан ҳам озроқ бўлган, майда безорилик ва ўғирлик ҳолларигина кузатилган".

Ўшда дўконлар, ошхона-корхоналар очиқ. Фақат мактаблар ва болалар боғчалари ҳали иш бошламаган. Банклар эшигига осилган эълонлар ҳам мазкур муассасалар душанба куни очилишини маълум қилади.

Боткенда вилоят рўзномаси муҳаррири, Ўшда милиция бошқармаси бошлиғи алмаштирилган.

"Менга курси беринг"

Минтақа вилоят ва туманларида амал талашиш авж авж олган.

2005 йилги "Лолақизғалдоқ" инқилобидан сўнг худди шундай кўриниш кузатилган эди.

Боткенда вилоят рўзномаси биносига кириб келган одамлар муҳаррир курсисини бўшатишни талаб қилишган. Охир-оқибат улар ўз мақсадларига етганлар.

Бугун Боткен давлат маъмуриятида амал талаб қилиб келганлар навбати пайдо бўлган.

Улар вилоят ва туманлар идоралари раҳбарлари лавозимларига ўз номзодларини таклиф қилаётир.

Эҳтирослар шу қадар кучайганки, маҳаллий дин арбоблари тўпланганларни тинчланишга даъват этган.

Вилоятнинг янги раҳбари эса ҳозир қўйилаётган мулозимлар вақтинча иш олиб бориши, доимий фаолият ҳақида кейинроқ қарор олинишини тушунтиришга мажбур бўлган.

Ўш вилояти янги раҳбарияти қабулига кириш ҳам айнан шу сабаб амри-маҳол.

Айрим ҳудудларда маҳаллий идоралар бошлиқларини алмаштиришга киришилган.

Қатор туманларда ҳокимиятга мухолифат вакиллари, асосан "Ота-макон" ва Қирғизистон Социал-демократик партияси маҳаллий арбоблари келган.

Аввалги тажрибадан келиб чиққан ҳолда, энди қуйи давлат идораларида ҳам курси талашиш кучайиши башорат қилинади.

Айни пайтда маҳаллий аҳоли вакиллари айрим янги раҳбарларнинг иш юритиш тажрибасини гумон остига қўяди.

Аммо ўз фикрини овоза қилишдан қўрқади.

Президент ёнғоқзорда-ми?

Жалол-Ободлик манбалар президент Бакиев кончилар шаҳри Кўк-Ёнғоқ яқинидаги Маркай қишлоғи атрофидалигини айтаяпти.

Исми жисмига монанд қишлоқ - кўм-кўк ёнғоқзорлар қирларда ястаниб ётади.

Ушбу қишлоқ вилоят маркази Жалол-Ободдан тахминан 15-20 чақирим шимолроқда.

Айрима ахборот воситалари ҳам Бакиев жаноблари икки укаси Жаниш (Давлат Қўриқлаш хизмати бошлиғи) ва Аҳмат (йирик ишбилармон, Жалол-Обод шаҳар кенгаши депутати) билан бирга зикр қилинган масканда эканини хабар қилган.

Маркай томонни яхши билган одамлар у жойда маҳаллий шахтанинг собиқ дам олиш зонаси борлигини айтишди.

Суҳбатдошларга биноан, катта ер майдони тегишли иншоотлар билан бирга Бакиевнинг ака-укалари томонидан сотиб олинган ва 3-4 йил муқаддам ободонлаштирилган.

Ўзига хос қароргоҳ ўшандан буён қуролли одамлар томонидан қўриқланиб келинган.

Ака-ука Бакиевлар хонадонлари ўша жойга одатда ҳордиқ чиқаришга келиб турган.

Жалол-Ободлик журналистлар "Бакиевлар турибди", дейилаётган Маркай қишлоғи чеккасидаги қароргоҳ томон боришга ва, демакки, ўша хабарни тасдиқлашга "ҳеч кимнинг юраги бетламайди", дейишди.