'Муваққат ҳукумат Бакиевнинг тақдирини ҳал қилмоқда'

Image caption Қурманбек Бакиев ўзини ҳибсга олишларига қаршилик кўрсатишини айтган

Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева Президент Бакиевнинг мамлакатни тарк этишига йўл очиб берилиши мумкинлигини айтган.

Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус элчиси Пъер Морел билан учрашувдан сўнг гапирган Отунбаева хоним ағдарилган Президентнинг тақдирини муҳокама қилаётганликларини билдирган.

Рейтер хабар агентлиги Роза Отунбаеванинг "ҳамма уни Қирғизистон халқини тинч қўйиш ва мамлакат ташқарасидан ўзига жой топишга чақирмоқда. Биз Бакиевнинг тақдири устида ишлаяпмиз" деган сўзларини келтиради.

Айни пайтда АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси Қўшма Штатларнинг жаноб Бакиевга сиёсий бошпана бериш ёки унинг мамлакатни тарк этишига ёрдам бериш нияти йўқлигини айтган.

Аввалроқ муваққат ҳукумат мамлакат жанубида яширинаётган Президент Бакиевга қарши махсус амалиёт режалаётганини маълум қилган эди.

"Биз Бакиевга қарши махсус амалиёт режалаяпмиз", - деб айтган Бишкекда журналистларга муваққат Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Алмазбек Атамбаев.

Рейтер хабар агентлиги унинг "Бакиев одамларни тирик қалқон қилмоқда. Умид қиламизки, тинч фуқаролар орасида қурбонлар бўлмайди" деган сўзларин келтиради.

Якшанба куни муваққат ҳукумат жаноб Бакиевнинг хавфсизлигини кафолатлай олмаслигин айтган эди.

"Жаноб Бакиев биз якка ўзимиз унинг хавфсизлигини кафолатлай олмаслигимизни жуда яхши билади. Чунки унинг қилганлари жиддий маҳкамага асос бўлади", деб айтган муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева.

Истеъфога чиқишдан бош тортаётган Президент Бакиев эса Бишкекдаги муваққат маъмуриятни тан олмаслиги, аммо музокара олиб боришга тайёрлигини билдирган.

"Агар бугунги муваққат маъмурият музокаралар олиб боришни истаса, мен мамлакатнинг манфаатлари йўлида аниқ масалаларни муҳокама қилишга тайёрман. Мен президентман, ваколатларимдан воз кечмайман, мамлакатда бошбошдоқлик бўлса, бўлаверсин, деб оёқ тираб туриб олмоқчи эмасман. Менинг мавқейим бундай эмас. Гарчи ҳукумат ноқонуний бўлса ҳам, келинг, музокаралар даврасига ўтириб, ҳаққоний мулоқот олиб борайлик", деган Қирғизистоннинг ўтган ҳафта 81 кишининг кишининг ўлимига сабаб бўлган ғалаёнда ҳокимиятдан четлатилган Президенти.

Огоҳ

Жалолободдаги она қишлоғида яширинаётган жаноб Бакиев уни қўлга олишга ҳар қандай уриниш қон тўкилишига олиб келиши ҳақида огоҳлантирган.

"Майли, мени қўлга олишга уриниб кўришсин. Майли, мени ўлдиришга ҳам уриниб кўрсинлар. Аммо бундай уриниш катта қон тўкилишига олиб келади ва уни ҳеч ким оқлай олмайди" дея огоҳлантирган жаноб Бакиев.

Душанба куни у биринчи марта ўз тарафдорлари қаршисида пайдо бўлган.

Тейит қишлоғида тўпланган юзлаб одамларга мурожаат қилган жаноб Бакиев муваққат ҳукуматни "бандитлар"га ўхшатган.

Франс Пресс хабар агентлиги унинг "Мен президентман, ҳеч ким мени ўз ўрнимни ташлаб кетишга мажбурлай олмайди" деган сўзларини келтиради.

"Бу инқилоб эмас, бу ҳокимиятни босиб олиш" деб айтган жаноб Бакиев.

Жаноб Бакиев шунингдек, Қирғизистонга Бирлашган Миллатларнинг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳақидаги чақириғини такрорлаган.

Унга кўра, Қирғизистоннинг хавфсизлик кучлари жуда ҳам заиф ва тартибни сақлашга қодир эмас.

"Қирғизистон халқи қўрқувда. Улар террор ичида яшашмоқда" деб айтган Қурманбек Бакиев.

Намойиш жойидан олинган хабарларга кўра, Тейитда вазият осойишта ва хавфсизлик кучлари кўринмайди.

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати қуролли кучлар ва милицияни назорат қилмоқда.

Якшанба куни муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева жаноб Бакиев билан музокаралар олиб бориш эҳтимолини рад этган.