Қирғизистон:'Максим Бакиевга қарашли' ерлар босиб олинмоқда

Image caption Ерларни босиб олаётганлар уларнинг Максим Бакиевга тегишли бўлганини даъво қилишади

Бишкекдаги ғалаёндан сўнг аксарияти кечаги намойишчилар экани айтилаётган шахслар пойтахтдаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишмоқда.

Улар асосан мамлакатнинг шимолий вилоятларидан келган фуқаролардир.

Муваккат ҳукумат аҳолини ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақирган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ғалаён мобайнида номаълум шахсларнинг қўлларига тушган қурол-яроғ ва минглаб ўқ-дориларни ихтиёрий равишда расмийларга топширишни сўраб, мурожаат этган.

Пойтахт аҳолиси ғалаён ва талон-тарожлардан кейинги ижтимоий вазият эндиликда ерларни босиб олаётган инсонларнинг ҳаракатларидан янада кескинлашиб кетишидан хавотирда.

'Бизни ҳеч ким тўхтата олмайди'

Мен Бишкекдаги мавзеълардан бирида ер тақсимлаш билан овора бўлган ёшлар гуруҳига учрашдим. Йигирма уч ёшдаги Суюнбек Бишкекдаги бозорларда пиёз сотиб, Қирғизистон шимолидаги Норин шаҳри яқинидаги қишлоқда истиқомат қиладиган кекса ота-онасини боқар экан.

"2005 йилдан бери ҳукумат "ана ер берамиз, мана ер берамиз" деб бизни алдаб келаяпти. Ўзимиз ёш булганимиз билан қари ота-оналаримиз бор, уларни боқишимиз керак. Шунинг учун кичкинагина, икки хоналик уй қуриб олсак ҳам чакки бўлмас эди. Ҳар холда янги ҳокимият бизнинг эҳтиёжларимизни ҳам ҳисобга олади, деб умид қиламиз", - дейди у.

Суюнбекдан фарқли ўлароқ, унинг ўзини таништиришни истамаган яна бир тенгдоши иқтисод университети талабаси экан.

Image caption Милиция одамларни тўхтатиб қолаётгани йўқ

Талабанинг айтишича, бир кун олдин тенгқурлари билан ерни эгаллаётган пайтлари ҳуқуқ-тартибот кучлари уларни тўхтатган.

"Биз кеча камчилик эдик, эртага яна кўпаямиз, ўшанда бизни ҳеч ким тўхтата олмайди", - дейди у қатъий бир оҳангда.

Яқинида ҳашаматли иморатлар барпо этилган ерни ўзбошимчалик билан ўзлаштираётган шахслар, бу жойларнинг Президент Бакиевнинг ўғли Максим Бакиевга тегишли бўлганини айтишади.

Уларнинг ишонишларича, Максим Бакиев бу ерларни ноқонуний равишда эгаллаб олган.

Аммо менинг "буни тасдиқловчи биронта расмий ҳужжат борми?", деган саволимга улар аниқ жавоб бера олишмади.

Ерни бўлиб олаётган одамларни кўриб турган милиция ходимлари эса менга жараёнга аралашиб бўлмаслигини айтишди.

"Раҳбарларимиз бизга фақат шу ердаги серқатнов йўл ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш вазифасини қўйишган. Улар бизни одамлар йўлга чиқиб кетмасин, деб огоҳлантиришган, холос”, - дейди милиция ходими.

Айрим бишкекликлар муваққат ҳукуматни пойтахтда тартиб ўрнатиш учун етарли чораларни кўрмаётгани учун танқид қилишмоқда.

2005 йилги "лола инқилоби" чоғида ҳам пойтахт ва мамлакат жанубида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳоллари кузатилган.

Ўтган ҳафта мухолифат мамлакатнинг шимолий вилоятларидан минглаб одамларни пойтахт Бишкекка олиб келган.

Президент Бакиевни ағдарган ғалаён натижасида 82 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар яраланган.