Россияда таниқли ҳакам отиб ўлдирилди

Image caption Эдуард Чувашов маҳкум этган тақирбошларнинг қурбонлари асосан ўзбеклар ва қирғизлар бўлишган

Москвада тақирбошларга қарши маҳкама ишини кўрган федерал ҳакам Эдуард Чувашов отиб ўлдирилган.

Россия прокуратурасининг тергов бошқармасига кўра, ҳакам Москва вақти билан 8.50 да ўз уйи подъездида номаълум шахс томонидан отиб кетилган.

47 ёшли Эдуард Чувашов ҳодиса жойида вафот этган.

Қотилнинг яширингани айтилади.

Расмийларга кўра, ҳодиса юзасидан жиноят иши очилган ва тергов қотилликнинг асосий фаразлардан бири сифатида ҳакамнинг профессионал фаолиятини кўриб чиқмоқда.

Москва шаҳар маҳкамаси вакилининг сўзларига кўра, Эдуард Чувашов жиноий ишларга мутахассислашган ва ўз фаолияти давомида "мураккаб ва кўп эпизодли" маҳкама ишларини кўриб чиққан.

Ҳакам раислик қилган энг сўнгги маҳкама ишларидан бири тақирбошлар гуруҳига қарши олиб борилган "Рыно-Скачевский" иши эди.

Москва шаҳар маҳкамаси ирқчилик асосидаги қотилликда айбдор, деб топилган тўққиз кишини 23 йилга қадар озодликдан маҳрум этган.

Ҳакам Эдуард Чувашов гуруҳ аъзолари "бошқа ирқ вакиллари, келиб чиқиши ва миллати славян бўлмаганларга қарши нафрат ва душманлик ҳиссини туйишгани"ни айтган.

Тақирбошларнинг асосий қурбонлари Ўзбекистон ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари бўлишган.

Ҳакам Чувашов кўриб чиққан бошқа бир шов-шувли жараён генерал Александр Бульбов устидан кечган маҳкама эди.

У Россия Жиноят кодексининг олти банди, жумладан, давлат сирини ошкор қилиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланган.

Душанба куни ҳакам 1997 йилда Чор Подшоси Николай II ҳайкалига уюштирилган ҳужум билан боғлиқ ишни тинглаши кутилаётганди.

Россия ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаълар ҳакамнинг ўлдирилиши буюртма қотиллик бўлиши эҳтимоли катта эканини айтишган.

Аввалроқ Эдуард Чувашов "Пресненский" туман ички ишлар идорасида раҳбар лавзоимда ишлаган.

Жиноят Москванинг айнан шу ҳудудида содир бўлган.