Қурманбек Бакиев истеъфо талабларини илгари сурди

Қурманбек Бакиев
Image caption Кун давомида жаноб Бакиев баёноти ўзгарди

Четлатилган Президент Қурманбек Бакиев сешанба куни агар муваққат ҳукумат у ва унинг оиласи хавфсизлигини кафолатласа, истеъфога чиқишга тайёр эканини айтган.

У, шунингдек, истеъфога чиқиш шарти ўлароқ, муваққат ҳукуматдан Қирғизистондаги вазиятни ўнглашни талаб қилган.

Айни дамда Москва ҳамда Вашингтон Қирғизистондаги вазиятни иложи борича тезроқ барқарорлаштиришни истайди, дея хабар беради Россиянинг ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага иқтибосан.

Ушбу манба бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Григорий Карасин мулоқоти ортидан маълум қилган.

Аввалроқ Президент Бакиев муваққат ҳукуматнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги талабини рад этган эди.

Жанубий Жалолобод шаҳрида бир неча минг тарафдори ўнгида гапирган Президент Бакиев: "Мени Қирғизистон халқи сайлаган, шундай экан, муваққат ҳукуматнинг ҳар қандай қарори ноқонуний," деб айтди.

13-апрел куни ҳукуматнинг Бош прокурори Азимбек Бекназаров: "Агар Бакиев сешанба куни кечгача Бишкекка қайтмаса, Қирғизистон муваққат ҳукумати уни ҳибсга олиш ниятида," - дея огоҳлантирган эди.

Азимбек Бекназаров сўзларига кўра, бугундан эътиборан Қурманбек Бакиев дахлсизлик иммунитетидан маҳрум этилган.

Бу амалда муваққат ҳукуматга жаноб Бакиевни ҳибсга олиш имконини беради.

Қирғизистондаги янги ҳукумат сешанба куни эрталаб Конституцион маҳкама фаолиятини вақтинчалик тўхтатган эди.

"Охирги пайтларда Конституцион маҳкама Конституцияни қўпол равишда оёқ ости қилаётган ва Президент Қурманбек Бакиев ҳукуматини мустаҳкамловчи қарорларни қабул қилаётган эди", - деб айтди жаноб Бекназаров.

Душанба куни давлат раҳбари ваколатидан ихтиёрий равишда воз кечмаслигини эълон қилган Қурманбек Бакиев Қирғизистон муваққат ҳукуматини "нолегитим" дея атаган ва янги ҳукуматни уни ушлашдан тийилишга чақирган эди.

"Мени ушлаш, йўқ қилишга ҳаракат қилиб кўришсин. Ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган даражада қон оқади, деб ўйлайман", - дея баёнот берганди Президент Бакиев.

Ҳибсга олиш санкцияси

Image caption Расмий хабарларга кўра, Бишкекдаги ғалаёнларда камида 82 инсон ҳалок бўлган

Бишкекдаги Первомайск туман маҳкамаси ҳукуматдан четлатилган Президент Бакиевнинг иниси Жаниш ва тўнғич ўғли Марат Бакиевларни ҳибсга олишга санкция берди.

Маҳкама, шунингдек, истеъфога чиққан Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усенов, Мудофа вазири Бакит Калиев ва Махсус хизматлар бошлиғи Мурат Суталиновни ҳам ҳибсга олишга рухсат берди.

Ҳибсга олиш буйруғи берилган мазкур шахсларга Бишкекда ўтган ҳафта бўлиб ўтган ғалаёнлар чоғида намоишчиларга қарата ўт очишга буйруқ бериш айблови қўйилган, дея изоҳ берган Қирғизистон Бош прокуратураси.

Максим Бакиев Латвиядами?

Қирғизистон мухолифати Қурманбек Бакиевни қариндош-уруғчиликда, яқинларига давлат лавозимларини бериш, хусусан, мамлакатда яқинда ташкил этилган сармоялар бўйича агентликка раҳбар сифатида ўғли Максимни тайинлаганини танқид қиладилар.

Латвиядаги рўзномалар ёзишича, Максим Бакиев Латвия ҳудудига кирган.

Рўзномаларга кўра, Максим Бакиев бу мамлакатда бизнес алоқаларига эга.

Би-би-си мухбири Дамиен Макгиннес хабар қилишича, Латвия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хабарларини тасдиқламаган ҳам, рад ҳам этмаган.

Латвия Ташқи ишлар вазирлигидан билдиришларича, жаноб Бакиев Шенген визаси амалда бўлган мамлакатлардан биридан Латвияга кирган бўлиши мумкин.

Қатор Оврўпо мамлакатларида умумий чегара ва паспорт назорати тартиби амал қилади ва Латвия ҳам Шенген визаси жорий этилган мамлакатдир.