Қирғизистондаги ҳодисалар Тожикистонда қизғин баҳсларни уйғотди

Раҳмон ва Медведев
Image caption Қирғизистондаги ҳодисалар минтақа раҳбарлари учун ўрнак бўлиши керак, дейди тожик таҳлилчилари

1992-1997 йиллар мобайнида фуқаролар урушини бошдан кечирган Тожикистонда Қирғизистон воқеалари алоҳида эътибор билан кузатилмоқда.

Сиёсатшунослар ва сиёсий партия вакиллари Қирғизитондаги воқеаларни турлича шарҳ этганлар.

Тожикистонлик сиёсатшунослар қирғиз воқеалари минтақадаги бошқа мамлакат раҳбарларни ҳушёр торттириши лозим деб урғулашган.

Нега содир бўлди?

Тожикистон пойтахтида бугунда Қирғизистон воқеалари ҳақида эшитмаган киши қолмади ҳисоби.

Оддий халқ қирғиз воқеаларини турлича талқин қилади. Биров "уруш бӯлибди," дейди, бошқаси ўзгача ибора ишлатади.

"АҚШга база очишга рухсат бергани учун Россиянинг иши бу," дегувчилар ҳам бор.

Тожикистондаги сиёсатшунослар, сиёсий партиялар фаоллари ҳамда сиёсатга яқинроқ кишилар Қирғизиситондаги апрел воқеалари илдизи мамлакат ичидаги аҳвол билан боғлиқ, деб урғулашади.

Кекса журналист Нўъмонжон Фахриддинов Қирғизистондаги воқеаларни матбуот орқали мунтазам кузатиб боришини айтади.

"Халқнинг кўтарилишига асосий сабаб - Қурманбек Бакиевнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари билан тӯла Қирғизистон ҳукуматини эгаллаб олганида эди," дейди Нўъмонжон Фахриддинов.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбарияти вакили Ҳикматулло Сайфуллозода Қирғистондаги сӯнгги 6-7 йил давомидаги сиёсий воқеалар аҳолининг ижтимоий-иқтисодий норозилиги натижасида юзага келмоқда, дейди.

Сиёсатшунос шӯролар хукумати тарқалгандан сӯнг минтақа мамлакталаридаги барча давлатларда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволидан норозилиги кузатилишини урғулайди.

Image caption Ҳикматулло Сайфуллозода: "Президент Бакиев халқ талабини қондира олмади"

"Қирғизитонда Аскар Акаев ӯз жамиятида бир қатор озодликллар, жумладан, демократиянинг усул ва услубларини йўлга солди. Аммо бу хил озодликлар ҳам жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдаги кемтикликни тӯлдира олмади. Халқ ана шу демократик усуллардан фойдаланиб, намойишлар ӯтказди. Охир-оқибатда Аксар Акаевнинг ӯзини кетказди. Бакиев ҳам халқнинг талабини қондира олмади. Аксинча, у яна қӯполроқ усуллар қӯллади," дейди жаноб Ҳикматуллоҳ Сайфуллозода .

Тожикистон Президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази директори ӯринбосари Сайфулло Сафаров Қирғизистондаги ҳодисаларига сабаб бўлган "омиллар кӯп," дейди.

Биринчидан, қирғиз халқи ҳукуматни ӯзгартириш мумкинлигини бошидан кечирди, деб урғулайди сиёсатшунос.

"Аҳолининг бир қисми ӯз тажрибасидан ҳеч қандай жазосиз давлат тӯнтариши масаласини кӯриш мумкинлигини билади. Бу муҳим омил. Иккинчидан, Бакиев бошқариши жараёнида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳоказо масалаларни ечишда халқ манфаатларига зид ечимлар кузатилди. Бу аввало оммавий ахборот воситалари эркинлиги чекланиши, бундан сӯнг коррупциянинг кучайиши, етакчи мансабларга яқинларининг қӯйилиши, буларнинг ҳаммаси халқнинг норозилигини пайдо қилди," дейди жаноб Сафаров.

Тожикистондаги мухолиф Социал-демократик партия раиси ӯринбосари Шокиржон Ҳакимов "Қирғизистонда бундай воқеани кутиш мумкин эди," дейди.

"Чунки демократияни кенгайтиш ва инсон ҳуқуқлари, озодлигини кучайтириш шиорлари остида ҳукуматга келган бу мамлакат президенти тез орада халққа ва уни қудратга келтирган сиёсий оқимлар ҳамда фуқаровий жамият институтларига берган ваъдаларини унутди. Тўғри, у аввалига конституцион қонунчиликка маълум ӯзгартириш ва қӯшимчалар киритди. Ҳақиқатан ҳам парламентнинг мавқеини мустаҳкамлади. Лекин, охир-оқибатда президентнинг мавқеи мустаҳкамланишига эътибори кучая борди," деб урғулайди жаноб Ҳакимов.

"Инқилоб"

Қирғизитондаги воқеаларни "инқилоб," деб айтиш мумкинми?

Тожикистонда бу савол атрофида турли қарашлар мавжуд.

Нуъмонжон Фахриддинов 2005 йилги воқеа "Лола инқилоби" номини олганини эслатади.

"Ӯша воқеа яна такрорланди-ку," дейди у.

"Бу - революция. Катта ҳарф билан айтса, бӯладиган нарса. Агар парламент йӯли билан мажлисда ҳал қилинса, бошка гап эди. Лекин бу ҳақиқий халқ ғалаёнлари натижасида амалга оширилган тадбир, яъни бу революция бӯлди," дейди журналист.

Сайфулло Сафаров эса "Қирғизистонда бӯлиб ӯтган воқеаларни ҳозирча "давлат тӯнтариши," деб аташдан у ёкка ӯтолмайман," дейди.

"Йӯқ, бу - инқилоб эмас. Инқилоб бутун тизимни ӯзгартиради. Аммо инқилоб белгилари бор. Агар хусусийлаштирилган корхона ва ташкилотлар миллийлаштирилса, миллийлаштиришнинг ӯзи давлатнинг иқтисодий асосларини ӯзгартиради. Бундан ташқари улар қанчалик конституцияни, ӯзларининг сиёсий тизимларини ӯзгартиришига ҳам боғлиқ. Воқеалар моҳияти инқилоб ёки тӯнтариш бӯлиши муваққат ҳукуматнинг қанчалик ишлашига боғлиқ," дейди сиёстшунос Сайфулло Сафаров.

Шокиржон Ҳакимов ҳам қирғиз воқеаларини "инқилоб деб аташ мумкин эмас," дейди.

"Мен мухолифат томонидан ҳукуматнинг демократия ва дунёвийлик билан боғлиқ сиёсий режимни ёки давлат шаклини ӯзгартиш билан боғлиқ гапларини эшитмадим," дейди у.

Коррупция йўқоладими?

Тожикистондаги сиёсатшунос ва таҳлилчилар қирғиз воқеаларига мамлакатдаги коррупция асосий сабаблардан бири бӯлганини урғулашади.

Лекин бу воқеалар коррупцияни йӯқота оладими?

"Йўқ, албатта. Бу ерда яна янги новдалар бошқача кӯринишда униб чиқади. Коррупцияни камайтириш ёки тамоман йӯкотиш учун умуман бошқа тизим керак," дейди Сайфулло Сафаров.

Бу суҳбатдошга кӯра, жуда шаффоф сиёсий тизим ва бошқача сиёсий маданият зарур.

"Коррупцияга қарши кураш - узоқ йиллар давом этадиган жараён," дейди жаноб Сафаров.

Худди шунингдек, Қирғизистондаги апрел воқеалари демокартияга хизмат қиладими, деган саволга ҳам қарама-қарши мазмундлаги жавоблар берилади.

Лекин, фақат битта масалада тожик сиёсатшунослари ягона фикрда.

Қирғизистондаги воқеалардан минтақадиги бошқа мамлакатлар раҳбарлари керакли хулоса чиқаришлари зарур, дейишди алоҳида-алоҳида суҳбатлашилган сиёсатшунослар.