Қирғизистон: 'муваққат ҳукумат вазиятни назорат қилмоқда'

Image caption Ўшга сафар қилган Алмазбек Атамбаев нафақат шимол, балки жануб ҳам муваққат ҳукуматни дастаклаётганини намойиш этмоқчи

Қирғизистон жанубидаги нотинчликларга қарамай, муваққат ҳукумат мамлакaтдаги вазиятни назорат қилаётганини айтмоқда.

Шанба куни кечга яқин ағдарилган президент Қурманбек Бакиевнинг тарафдорлари Жалолобод вилоят ҳокимиятига бостириб кирган ва маҳаллий телевидение биносини бир муддат эгаллаб туришган.

Қирғизистон жанубидаги Би-би-си мухбирига кўра, ҳозирда вазият осойишта ва намойишчилар ҳамда хавфсизлик кучлари кўринмайди.

Шанба куни муваққат ҳукумат Бакиев тарафдорларига қарши куч ишлатмаслигини айтган.

Франс-Пресс хабар агентлиги муваққат ҳукумат мулозими Темир Сариевнинг "Агар улар янги ҳукуматни куч ишлатишга мажбурламоқчи бўлишаётган бўлса, қаттиқ адашадилар. Биз муаммоларни тинч йўл билан ечиш учун етарли ақл ва сабрга эгамиз", деган сўзларини келтирган.

Якшанба куни Рейтер хабар агентлигига гапирган муваққат ҳукумат маъмуриятининг бошлиғи Эдил Байсалов "мамлакатнинг бошқа ҳудудлари каби жанубга ҳам осойишталик қайтиши"ни айтган.

"Қонунсизлик ва жиноий низолар энди Жалолободга етиб борди", деган Қирғизистоннинг хали тан олинмаган муваққат ҳукумати мулозими.

Айни пайтда муваққат Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Алмазбек Атамбаев Ўш шаҳрига етиб борган.

У мамлакат жанубига сафардан мақсад фақат шимол эмас, балки жануб ҳам янги ҳукуматни дастаклаётганини кўрсатиш" эканини айтган.

Аввалроқ жанубдаги минглаб ўзбеклар муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказишган ва Қирғизистон халқини бирдамликка чақирганлар.

Бакиев қаерда?

Айни пайтда пайшанба куни Қозоғистонга чиқиб кетган Қурманбек Бакиевнинг қаердалиги номаълум қолмоқда.

Қозоқ расмийлари унинг Тараз шаҳрида эканини айтишган, аммо собиқ президентнинг бошқа ердалиги ҳақида ҳам хабарлар олинган.

Жаноб Бакиевнинг Алмати шаҳри ёки Бирлашган Араб Амирликларида экани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар олинган.

Image caption Тасдиқланмаган хабарларга кўра, собиқ президент учинчи давлатга чиқиб кетган бўлиши мумкин

Муваққат ҳукумат мамлакатда фуқаролар урушининг олдини олиш учун жаноб Бакиевнинг мамлакатни тарк этишига изн берганликларини айтишган.

Президент Бакиев Қозоғистон ҳукумати йўллаган махсус учоқ билан Жалолободни тарк этиш олдидан президентликдан истеъфо берган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев АҚШ ва Россия Президентларининг илтимосига кўра воситачилик қилганини айтган.

Муваққат ҳукумат мулозимлари собиқ президент Бишкекни тарк этиши олдидан маҳаллий банклар орқали 200 миллион доллар маблағни ўмарганини даъво қилиб, унинг жазога тортилиши кераклигини айтишган.

Янги маъмурият жаноб Бакиевнинг ғалаёнларда ҳаётдан кўз юмган 84 кишининг ўлими учун масъул эканини айтган.

Қурманбек Бакиев намойишчиларни отишга буйруқ берганини рад этган, аммо унинг укаси, собиқ Президент хавфсизлик хизматининг раҳбари Жаныш Бакиев ўт очишга буйруқ берганини тан олган.

Аммо у биринчи бўлиб намойишчилар томондан ўт очилганини иддао қилган.

Шанба куни муваққат ҳукуматнинг Жаныш Бакиевни ҳибсга олиш уриниши муваффақиятсизликка учраган.

Генерал Бакиев хавфсизлик кучлари уни ҳибсга олишга уринган пайт Жаныш ўзи яшириниб турган қишлоғидан қочишга муваффақ бўлган.

"Генерал Жаныш Бакиев ўзини зобит каби тутмади ва қочиб кетди" деб айтган муваққат ички ишлар вазири Болотбек Шерниязов.