Қурманбек Бакиев Қозоғистонни тарк этди

Жаноб Бакиевнинг қаерга йўл олгани номаълум

Қозоғистон ҳукумати собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг Қозоғистон ҳудудини тарк этганини маълум қилган.

"Бизнинг ахборотмизга кўра, жаноб Бакиев Қозоғистон ҳудудини тарк этди", деб айтган Остонада журналистларга Ташқи ишлар вазирлиги воизи Асқар Абдураҳмонов.

Аммо қозоқ томони жаноб Бакиевнинг қаерга йўл олгани ҳақида маълумот бермаган.

Якшанба куни Беларус Президенти Александр Лукашенко яна бир марта ўз мамлакати Қурманбек Бакиевга бошпана беришга тайёрлигини билдирган эди.

"Қурманбек Бакиев бу ерда энг юқори даражали меҳмон сифатида қабул қилинади", деб айтган Беларус раҳбари.

Жаноб Лукашенко Қозоғистон ва Россиянинг Қурманбек Бакиевни амалда "исталмаган шахс" деб эълон қилганини қоралаган.

"Президентнинг тақдирини фақат халқ ҳал қилиши керак, қандайдир гуруҳ ва мухолифат эмас" деб айтган жаноб Лукашенко.

У Қирғизистон халқига мурожаат қилиб, ўз президентларини "сотмаслик"ка чақирган.

Беларус раҳбари шунингдек, Бишкекдаги муваққат ҳукуматни "ўз демократликларини исботлаш учун" зудлик билан президент ёки парламент сайловларини ўтказишга даъват қилган.

Қидирув

Президент Бакиев Қозоғистон ҳукумати йўллаган махсус учоқ билан Жалолободни тарк этиш олдидан президентликдан истеъфо берган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев АҚШ ва Россия Президентларининг илтимосига кўра воситачилик қилганини айтган.

Муваққат ҳукумат мамлакатда фуқаролар урушининг олдини олиш учун жаноб Бакиевнинг мамлакатни тарк этишига изн берганликларини айтишган.

Бишкекдаги янги маъмурият Қурманбек Бакиев ва унинг яқинларига нисбатан қидирув эълон қилган.

Янги маъмурият жаноб Бакиевнинг ғалаёнларда ҳаётдан кўз юмган 84 кишининг ўлими учун масъул эканини айтган.

Қурманбек Бакиев намойишчиларни отишга буйруқ берганини рад этган, аммо унинг укаси, собиқ Президент хавфсизлик хизматининг раҳбари Жаныш Бакиев ўт очишга буйруқ берганини тан олган.

Аммо у биринчи бўлиб намойишчилар томондан ўт очилганини иддао қилган.

Муваққат ҳукумат мулозимлари собиқ президент Бишкекни тарк этиши олдидан маҳаллий банклар орқали 200 миллион доллар маблағни ўмарганини даъво қилиб, унинг жазога тортилиши кераклигини айтишган.

Айни пайтда собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиевнинг Латвиядан чиқиб кетгани ҳақида хабарлар олинган.

Аввалроқ Латвия матбуоти ушбу Болтиқбўйи давлатида бизнес манфаатларига эга бўлган Максим Бакиевнинг Ригада экани ҳақида хабар тарқатганди.