Ўзбекистон Қирғизистонга узатиладиган газ ҳажмини камайтирди

Image caption Қирғиз мулозимлари мамлакатда ҳокимият ўзгарганидан буён газ учун қарздорлик масаласини муҳокама этиш мавриди бўлмаганини айтишмоқда.

Ўзбекистон Қирғизистон жанубига узатиладиган табиий газ ҳажмини уч баробарга камайтирган.

Бу ҳақда Ўш шаҳар ҳокимиятида ўтган мажлисда маълум қилинган.

Расмийларга кўра, ўзбек томони ушбу қарорни Қирғизистоннинг газ учун қарздорлиги билан тушунтирмоқда.

Шаҳар ҳокими қарзни узиш чораларини кўриш ва "Ўзтрансгаз" билан музокаралар олиб боришга буйруқ бергани айтилмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда Ўш вилоят газ ҳужалиги раисининг муовини Тоҳиржон Олимов ҳудудга узатилаётган газ ҳажми тенг ярмига қисқарганини айтагн.

"Аввал соатига 3200 кубметр газ бериб келинган бўлса, ҳозир 2000 кубметр атрофида олаяпмиз", деб айтган мулозим.

Унинг сўзларига кўра, Жалолобод йўналишида газ таъминоти бутунлай тўхтаб қолган.

"Истеъмолчилар ёнилғи қолдиғидан ҳамда "Қирғизнефтгаз" корхонаси маҳсулотидан фойдаланишмоқда", деб айтган Тоҳиржон Олимов.

Айни пайтда у фарғоналик газчилар қирғиз томонининг илтимосига биноан, тиғиз соатларда газ ҳажмини кўпайтириб беришаётганини маълум қилган.

Расмийларга кўра, жорий ой бошида Қирғизистон Ўзбекистонга табиий газ учун тўрт ярим миллион АҚШ доллари миқдорида қарз бўлган.

Мулозимлар ғалаёнлар бошланиб, Бишкекда ҳокимият ўзгаргач, қарз тўлашнинг мавриди бўлмаганини айтишмоқда.

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон расмийларига ёрдам сўраб, мурожаат этгани маълум эмас.

Россия ва Қозоғистон Қирғизистонга фавқулодда ёрдам ваъда қилган.

Ўзбекистон шунингдек, Қирғизистонга ҳаво қатновини ҳам тўхтатган.

"Ўзбекистон Ҳаво Йўллари"нинг Бишкекдаги вакили барча парвозларнинг 19 апрелдан эътиборан бекор қилинганини тасдиқлаган.

Ўзбекистонга ҳаво қатнови фақат Қирғизистонга қарашли учоқлар воситасида амалга ошираёлтгани айтилмоқда.

Ўзбекистон 7 апрелда бошланган воқеалардан сўнг, Қирғизистон билан чегарани ёпиши ортидан Тошкентга учиб келган қирғиз фуқароларининг ватанларига қайтариб юборилгани ҳақида хабарлар олинган.