Қирғизистон: муваққат ҳукумат куч ишлатиш ҳақида огоҳлантирди

Image caption Бишкек яқинидаги Маевка қишлоғига юзлаб милиция кучлари жойлаштирилган

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати мамлакатда тартиб ўрнатиш учун куч ишлатиши ҳақида огоҳлантирди.

Сешанба куни кечқурун Қирғизистон халқига мурожаатида муваққат Бош вазир Роза Отунбаева милиция талончилар ва ҳужумчиларга қарши "ҳалокатли куч" қўллашини айтди.

Отунбаева хонимнинг огоҳи ерга эгалик юзасидан келиб чиққан тўқнашувлардан икки кун ўтиб янграган.

Расмийларга кўра, қирғизларнинг этник руслар ва месхет туркларининг ерларини эгаллаб олиш ҳаракатлари натижасида юз берган тўқнашувларда 5 киши ҳалок бўлган, 40 нафар инсон яраланган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Маевкадаги зўравонликларда 40 ёшли бир қозоқ фуқаросининг ҳам ҳалок бўлганини билдирган.

"Муваққат ҳукумат бутун Қирғизистон халқини тинчлик ва осойишталикни сақлашга, иғвогарликларга берилмаслик, жамоат тартиби ва миллатлараро тотувликни бузиш ниятида бўлганларга зарба беришга чақиради", деб айтди Роза Отунбаева.

У фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулкларини ҳимоя қилишга ваъда берди.

Сешанба куни тўқмоқ ва тошлар билан қуролланган 1000 га яқин ғабанок оломон Бишкекнинг муваққат ҳокими Исо Ўмирқуловнинг машинасини ўраб олган ва ундан ўзларига ер беришни талаб қилган.

Душанба куни тўқнашувларга саҳна бўлган Бишкек яқинидаги Маевка қишлоғига эса юзлаб милиция кучлари жойлаштирилган.

Қирғизистон жанубидаги Би-би-си мухбирига кўра, чоршанба куни Жалолободда Қурманбек Бакиев тарафдорлари билан янгидан тўқнашувлар бўлиб ўтган.

Гувоҳларнинг айтишича, тўрт мингга яқин одам тўпланган майдон тошларга тўлиб кетган, номаълум одамлар бир неча бор осмонга ўк отган.

Икки кун мукаддам собиқ президент таарфдорлари қўйган ва янги ҳокимиятни тан олмаслигини эълон қилган вилоят ҳокимининг кўринмай қолгани айтилсоқда.

Муваққат ҳукумат мулозимлари унинг ҳибсга олинганини айтишган.

Муваққат ҳукуматга босимлар

Россия Президенти Дмитрий Медведев Қирғизистоннинг муваққат ҳукуматини мамлакатда тартиб ўрнатиш учун қатъийроқ чоралар кўриш ҳақида огоҳлантирган.

Image caption Роза Отунбаева ҳукуматига мамлакатда тартиб ўрнатиш ва тезроқ сайловлар ўтказиш борасида босимлар кучаймоқда

"Биринчи навбатда давлатни тиклаш керак, ҳозир Қирғизистонда давлат йўқ", деб айтган жаноб Медведев Кремлда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан музокаралардан сўнг.

Кремл тарқатган баёнотда айтилишича, Президент Медведев шунингдек, Россия мудофаа вазирлигига Қирғизистондаги Россия фуқароларини ҳимоя қилиш учунзарур тадбирларни ишлаб чиқиш ҳақида буйруқ берган.

Жаноб Медведев Россия фақат сайловлар ўтказилгани тақдирдагина Қирғизистондаги янги ҳукумат билан тўлақонли ҳамкорлик қилишини айтган.

Ўз навбатида Президент Каримов қўшни давлатда ҳукуматларни ағдаришнинг доимий тус олаётганидан ташвиш изҳор қилган.

"Бугун Қирғизистонда бўлаётган жараёнларнинг доимий тус олиш жиддий хавфи бор. 2005 йилда юз берган нарсалар юқумли характерга эга намуна бўлди. Ва ҳар қандай қонуний раҳбарият, ҳукуматни жуда осон ағдариш мумкин деган хомхаёл пайдо бўлади. Айни ҳодиса роппа-роса беш йил ўтиб юз берди", деб айтган Президент Каримов.

Сешанба куни Оврўпо Иттифоқи Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати демократик ислоҳотларни бошлагани тақдирда Иттифоқ зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр эканини билдирган.

"Агар биз муваққат ҳукуматнинг қонун устиворлиги ва демократияга садоқатли эканига амин бўлсак, Оврўпо Иттифоқи зарур сиёсий, молиявий ва техник ёрдамни кўрсатишга тайёр", деб айтган Иттифоқнинг Ташқи ишлар идораси раҳбари Кэтрин Эштон.