Россиядаги хорижий ширкатлар пора бермасликка келишишди

Image caption Россияда ҳар йили юз миллиардлаб доллар маблағ пора сифатида берилади

Россияда фаолият олиб бораётган ўнлаб халқаро ишркатлар пора таклиф этмаслик ҳақидаги битимни имзолашган.

Россия-Олмония Тадбиркорлар палатасининг маълум қилишича, битим Кремл эмас, балки хорижий ширкатларнинг ташаббуслари маҳсулидир.

Жаҳон бўйлаб коррупцияга қарши курашувчи Transparency International ташкилотига кўра, Россияда ҳар йили 300 миллиард доллар пора сифатида берилади.

Корупция билан боғлиқ охирги икки можарода хориж ширкатлари аралашган.

Россия президентининг маслахатчиси Аркадий Дворкович битимни олқишлаган.

"Биз чет эл ширкатларининг коррупцияга қарши кураш чақириғимизга қулоқ тутганларидан ва бу борада бизга ёрдам бериш ниятида эканликларидан мамнунмиз", деб айтган Кремл мулозими.

Битимни имзолаган аксарияти олмониялик 50 дан ортиқ ширкат орасида Siemens, Deutsche Bank, Deutsche Bahn ва Axel Springer AG сингари ширкатлар бор.

Порахўрлик можаролари

Россия Президенти Дмитрий Медведев коррупцияга қарши курашни ўз президентлигининг устивор вазифаси, деб эълон қилган.

Ўтган ҳафта у Россия ҳукуматининг коррупцияга қарши кураш стратегиясига доир ҳужжатни имзолаган.

Яқинда Россияда хориж ширкатларининг иштирокидаги икки йирик порахўрлик можароси содир бўлган.

Ҳозирда Россия, Олмония ва АҚШ ҳукуматлари Американинг компьютер ширкати Hewlett-Packard нинг бир неча йил муқаддам Россияда йирик шартномани қўлга киритиш учун пора берганлиги ҳақидаги даъволарни текширмоқда.

Ўтган ҳафта Hewlett-Packard вакили ширкат ҳодисани текшираётган идоралар билан тўла ҳамкорлик қилишини айтган.

Олмониянинг "Mercedes-Benz" автомобилларини ишлаб чиқарадиган Daimler ширкати Россия ҳукуматига пора бергани учун АҚШда 185 миллион доллар жарима тўлаган.

Айни текширув жараёнида олмон ширкати бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон ҳукуматига ҳам пора берганини тан олган.

Transparency International нинг Москвадаги ваколатхаонаси раҳбари Елена Панфилованинг айтишича, Россияда фаолият олиб бораётган хорижий ширкатлар пора беришни истамасликлари мумкин, аммо улар бизнес қилиш учун пора таклиф этишга мажбурланишлари эҳтимоли бор.

Унга кўра, хориж ширкатлари имзолаган келишув бу каби вазиятлар юзага келишининг олдини ололмайди.

Кўпчилик таҳлилчилар хорижий ширкатларнинг пора таклиф этмаслик ҳақидаги келишуви яхши, аммо бу яқин келажакда коррупция муаммосини ҳал этмайди, деган фикрдалар.