Қирғиз расмийси референдум ва сайловлар ўтказилишини маълум қилди

Бишкекдаги норозиликлар
Image caption Муваққат ҳукумат мамлакатда умумхалқ референдуми ва сайловлар ўтказилишини айтмоқда

Икки ҳафта аввал оммавий норозиликлар натижасида қудратни қўлга олган Қирғизистон муваққат ҳукумати вакили Умрбек Текабоевнинг мамлакат телевидениеси орқали чиқишида билдиришича, янги Конституция бўйича умумхалқ референдуми шу йил 27 июн куни ва Парламент сайловлари 10 октябр куни ўтказилади.

Жаноб Текабоевга кўра, Конституия лойиҳасида мамлакат янги сиёсий тизими белгиланиб, қудратнинг бир қўлда мужассам бўлишининг олдини олиш йўллари қайд этилади.

Унга кўра, Конституция Қирғизистонда парламент республикасини жорий этиш, Президент салоҳиятини чеклаш каби масалаларни халқ томонидан тасдиқланишини таклиф этади.

Шунингдек, ҳар бир сиёсий партиянинг мамлакатнинг 90 ўринли парламентида 50 тадан кўпроқ ўрин олишлари йўлида чекловлар киритилади.

Аввалги парламентда собиқ президент Курманбек Бакиевнинг "Ақ Жўл" партияси аксарият ўринларни эгаллаб олганди.

Телевидение орқали чиқишида жаноб Текабоев парламент сайловлари билан бирга президентлик сайловлари ўтказилиши эҳтимоли ҳам борлигини айтди.

Аввалроқ эса ҳозирда Белорусда бошпана топган қувғиндаги президент Бакиев ўзини ҳануз Қирғизистоннинг қонуний раҳбари сифатида кўришини билдирганди.

Айни вақтда муваққат ҳукумат шу йил январ ойидан бери жорий этилган иссиқ сув, электр энергияси ва иситиш учун нархларни тушириши ҳақида эълон қилди.

Эндиликда Қирғизистон аҳолиси иссиқ сув ва электр энергияси учун 50 фоиз камроқ, иссиқ сув учун эса унданда камроқ ҳақ тўлай бошлайди.