Ўзбеклар янги Қирғизистонни барпо этишда фаол иштирок этмоқчи

Қодиржон Ботиров
Image caption Қодиржон Ботиров: Янги ҳокимият мамлакатда барча учун тенг шарт-шароит ва имконият тузишга ҳаракат қилиши лозим

Қирғизистоннинг, жумладан, Жалол-Обод вилоятининг ўзбек миллатига мансуб аҳолиси ҳокимият ўзгаришини қўллаб-қувватлаётир. Ўзбеклар янги Қирғизистонни барпо этишда тўлақонли иштирок этишни истайди.

Бу хақда бугун Жалол-Обод шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров айтган.

Унга кўра, янги ҳокимият мамлакатда барча учун тенг шарт-шароит ва имконият тузишга ҳаракат қилиши лозим. Ботиров жаноблари Муваққат ҳукумат аъзолари билан ўзаро тушуниш мавжудлигини урғулаган. Шунингдек, у ўзбекларнинг мамлакатда кутилаётган конституцион ислоҳотларда фаол қатнашиш ниятини изҳор қилди.

"Қирғизистонда қабул қилинаётган қонунлар ва Бош Қомус барча миллат ва элатлар тенглигини амалда таъминлаб бериши керак. 1993 йилги Конституцияга қайтсак ҳам ўша натижага эришилади", деди Қодиржон Ботиров.

Миллатдошларнинг мамлакат ҳаёти, жумладан, бошқарув тизимларида кечадиган жараёнларда фаолроқ иштирок этиши зарурлиги, ўзбек тили мақомини кўтариш, мамлакат конституциясига айрим ўзгаришлар киритиш масаласини Қодиржон Ботиров анчадан буён кўтариб келади.

Бугун у конституцияни ислоҳ қилишни тезлатиш лозимлигини айтди. "Бош Қомус лойиҳасини муҳокама этиш ва қонунни қабул қилишда барча халқлар фаол қатнашиши ва ўй-фикрларини жамлашга эришиши даркор, бу мамлакатнинг ёрқин келажаги пойдевори бўлади", дейди у.

У турли миллий-маданий марказларни жамлаган Қирғизистон Халқи ассамблеясига қўшимча ваколатлар берилиши, юқори давлат тизимида Миллатлар ишлари ва кадрлар масалалари бўйича махсус идора - Агентлик тузиш лозимлигини таъкидлайди.

"Кадрлар кризиси, ишга жойлашда қариндош-уруғчилик, порахўрлик Қирғизистонни қийнаб қўйди", деб ҳисоблайди Ботиров жаноблари.

У "чанг босиб етган "Миллий озчиликлар ҳақидаги қонун"ни қабул қилиш ёки ўша моддаларни Конституцияда ифода этиш"ни таклиф қилади.

Жалол-Обод вилоят ўзбеклар жамоаси раҳбари таклифлари маҳаллий аҳолининг айрим қатламлари ҳамда сиёсатчилар орасида турлича талқин, миш-мишларга ҳам сабаб бўлиб келган. Уни бўлиниш кайфиятларини тарғиб қилишда айблашган. Жаноб Ботиров бундай таъналарни яна бир бор кескин рад этди.

Янги ҳокимият вакиллари Жалол-Обод вилоят ўзбек миллий-маданий маркази раҳбарияти таклифлари билан таниш ва қатор масалаларда қўллаб-қувватлайди. Аммо, бу борада ҳадиклар ҳам йўқ эмас.

Жалол-Обод вилоят давлат маъмурияти матбуот котиби Орозали Карасартов назарида ўзбекларнинг мамлакат иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ҳаётида фаол қатнашиш истаги ва ҳаракати олқишга сазовор.

"Кейинги воқеалар ҳам ўзбек биродарларнинг онгги, фаоллиги ортаётганини кўрсатди", деди матбуот котиби.

"Қирғизистон фуқароси қатори ўзбеклар ҳам барча жараёнларда қатнашиш, муҳокама қилиш, фикр-мулоҳазаларини айтиш ҳуқуқига эга", дея таъкидлади мулозим. Айни пайтда у Қодиржон Ботировнинг айрим чиқишларини маъқулламайди.

"Тенг ҳуқуқлар борасидаги сўзлар ортида сиёсий манфаатлар, айрим гуруҳлар манфаатлари етгани сезилади", дейди мулозим.

"Ўй-фикрлари яхши, асосан яхши ўйларни айтади. Одамлар тарафидан нотўғри тушуниб қолинишига келсак, бунга ахборот тақчиллиги сабаб, деб ўйлайман", - мулоҳаза юритади маҳаллий таҳлилчи Дониёр Эргашев.

"Яхши ўйлар бор, аммо, менимча, уларни аста-секин киритиш, амалга ошириш лозим", дейди таҳлилчи.

Халқлар ва элатлар тотувлиги, бирдамлик, ўзаро ишонч, самарали меҳнат Қирғизистонни оғир вазиятдан олиб чиқади, ёрқин уфқлар очади. Бу маънода Қодиржон Ботиров ҳам, унинг ҳамфикру танқидчилари ҳам якдиллик билдиради.

Бу мавзуда батафсилроқ