Тожик-қирғиз чегараси: сув, ер ҳамда баҳсли ҳудудлар...

Тожик-қирғиз чегараси
Image caption Лангари дашт қишлоғининг шундайгина тепасидан янги қурилган Боткен-Исфана йўли ўтган...

Шимолий Тожикистоннинг Қирғизистон билан чегарадош Исфара тумани қишлоқлари аҳолиси қирғиз чегарачилари ўзларига нисбатан амалга ошираётган ноқонуний ишлардан шикоят этишган. Бу шикоятда қирғиз чегарачиларининг тожик фуқароларининг уйларини бузишгани, ўспирин йигитларни Қирғизистон ҳудудига зўрлик билан олиб кетиб, калтаклашгани айтилган.

Айни бир пайтда қирғиз чегарачилари тожик фуқароларининг мол боқиш ёки ўтин териш мақсадида Қирғизистон чегарасига ноқонуний равишда ўтишганини таъкидлашади. Чегаранинг ҳар икки тарафидаги оддий одамлар ўзаро борди-келдининг яхшилигини урғулашади. Маҳаллий кузатувчилар икки мамлакат орасида энг асосий муаммо-ер ва сув масаласи эканини айтишади. Ҳали Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида чегараларни аниқлаш масаласи тўла ҳал этилган эмас ва баҳсли ерлар масаласи кескин муаммолигича қолмоқда.

Футбол майдончаси кимга қарашли?

Исфаранинг Чоркў жамоатига қарашли Лангари дашт қишлоғининг шундайгина тепасидан янги қурилган Боткен-Исфана йўли ўтган. Исфараликлар ҳозирда йўлнинг у томонини Қирғизистон ўз тасарруфида деб ҳисоблашини айтишади. Лекин қирғиз чегара-чиларининг айтишларича йўлнинг бу томонидаги ерлар ҳам Қирғизистонга қарашли.

Лангари даштдаги мактабда ўқийдиган икки болани ана шу баҳсли ердаги майдончада футбол ўйнаётганда қирғиз чегарачилари Қирғизистон тарафга олиб кетишган.

"Биз мактаб болалари майдончага бориб, эндигина футбол ўйнашни бошлагандик, аскарлар келиб, "нимага бу ерда ўйнаяпсизлар", дея қўлларимизни қайириб, ўзлари томонга олиб бориб уришди. Қирғизистон аскарлари. Хайрият, бошқа болалар қочиб қолишди", дейди ўнинчи синфда ўқишини айтган бола.

Лангари даштлик Фарҳод Каримовнинг айтишича, бу қирғиз чегарачилари томонидан содир этилган биринчи қонун бузиш эмас.

"Болаларни маҳаллагача қувиб келишди. Телефонларини тортиб олишди. Ғишт қуйиб кун кечирадиган Ваққос деган ҳамқишлоғимиз бор. Унинг уйига автоматлари билан кириб боришди. Мен уларга бу ер Тожикистон ҳудуди десам, қулоқ солишмади. Чоркўдаги милиция мулозимларига қўнғироқ қилсам, бормаймиз, дейишди", дея куюнади Фарҳод Каримов.

Оддий одамлар қўшничилиги ва уй бузишлар

Image caption Оддий тожикистонликлар ҳам, қирғизистонликлар ҳам тезроқ чегарани аниқлаш ва белгилаш ишлари амалга оширилишини исташади...

Лекин Фарҳоднинг айтишича оддий қирғизистонликлар билан яхши қўшничиликда яшашади.

"Оддий қирғизлар билан муносабатимиз жуда яхши. Олди-берди қиламиз. Йўлда машиналари бузилиб қолса, тузатишга ёрдам берамиз. Тоққа чиқсак, улар чой қилиб беришади, мол боққани борган болаларга қатиқ бериб, дам олинглар, дейишади. Биз фақат чегарачилардан норозимиз", дейди Фарҳод.

Қирғиз чегарачилари эса Лангари даштда яшайдиган одамлар Қирғизистонга қарашли ерларга уй қуришаётганини, фақатгина давлат чегараси бузилгандагина чора кўришларини айтишди.

Қирғизистон ўртасидаги тожик анклави Ворух қишлоғи аҳолиси бундан бир неча кун олдин тожикистонликлар қурган уйни бузиб ташлаётган етти нафар қирғиз аскари ва уларнинг командирини қуролсизлантириб, қўлга олишди. Қирғиз чегарачилари Тожикис-тоннинг тегишли куч ишлатиш мақомотига топширилди. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўт-масдан чегарачилар Қирғизистон томонига топширилган.

Суғд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Рауф Юсупов: "Ворух жамоатидаги қишлоқда бўлган ҳодисанинг бир неча сабаби бор. Менинг назаримда бу эскидан қолиб келаётган муаммо. Чегараолди минтақаларидаги баҳсли ерларда иморат қуриш ҳодисалари у ё бу томоннинг норозилигига сабаб бўлаётир. Қонун бузилган кейинги ҳодисага оид зарур ҳужжатлар тайёрланиб, қонун бузган шахсларга нисбатан текшириш ишлари олиб борилмоқда. Биз бу ҳодиса борасида Исфара шаҳар ҳукуматига фикримизни билдирдик. Бу масалалар учрашув ва музокаралар давомида ўз ечимини топган. Ҳозирда бу минтақада бирон ташвишли муаммо йўқ", дейди Рауф Юсупов.

'Бозоримиз Тожикистонда'

Қирғизистондаги Қорабоғ айилининг икки томонида тожик қишлоқлари жойлашган. Шу қишлоқлик Олтинбекнинг айтишича, Тожикистон билан муносабатлари яхши, тожик қишлоқларидан эркин ўтиб келишади.

Қирғизистонликлар бозор-ўчарларини Тожикистоннинг Исфара шаҳри ва бошқа манзилларидаги бозорларда қилишади. "Биз Исфарада, қўшни тожик қишлоғидаги Чоршанба бозорига борамиз. Бемалол савдо қиламиз", дейди қорабоғлик аёл.

Оддий қирғизистонликлар тожиклар билан тинч-тотув муносабатдан мамнунлар. Лекин, тожик чегарачиларидан норози бўлаётганлар ҳам йўқ эмас:

"Бизни тожик чегарачилари қийнашади. Лекин, Тожикистонга ўтганимиздан сўнг ҳеч ким ҳужжат текширмайди", дейди Боткендан келганини айтган Бердиқул исмли киши.

Тожикистонликлар эса, ичимлик сув масаласида қийналишаётгани, бунга эса Қирғизистон тарафдан келадиган каналда сув қуритилгани сабаблигини айтишади.

"Каналда сув йўқлиги учун қийналяпмиз, Чоркў қишлоғи марказидан машиналарда 25-50 литрлик идишларда сув олиб келяпмиз. Ичиш, кир-чир ювиш, мол-ҳолга бериш учун", дейди Фарҳод Каримов.

Чегараолди минтақасида низо олдини олиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Лангари даштда қуриб берилган ичимлик сув билан таъминлайдиган сув тортиш-тозалаш нуқтаси ҳам масалани тўла ҳал эта олмади:

"Аҳолининг ичимлик суви йўқ эди, шунинг учун бу иншоот БМТ томонидан қуриб берилди. Бу 150 хўжаликка мўлжалланган. Ҳозир каналда сув йўқлиги учун ичимлик суви ҳам йўқ. 1 апрелдан 1 июнгача-икки ой сув бўлмайди", дейди мазкур сув иншоотида ишлайдиган киши.

Image caption Сув етишмаслиги асосий муаммолардан бири

Умиднинг ушалиши кимга боғлиқ?

Собиржон Сафаров Чоркў жамоати ҳукуматида ишлайди.

"Мен-ер тузувчи бўлиб ишлайдиган одамни қирғиз чегарачилари Тожикистон ҳудудида уч марта ҳибсга олиб, у томонга олиб кетишганига нима дейиш мумкин", дейди Собиржон Сафаров.

Чоркўликлар маҳаллий ҳукумат раҳбарлари ўз арзларига қулоқ тутмаётганларидан норозилар. Ҳукуматда қўшни Ўзбекистон билан муносабат совуқлиги ҳолда яна бир қўшни билан муносабатни бузиш вазиятни чигаллаштириши мумкинлигини айтишган.

"Ўзбекистон қўймаяпти, юкларимиз Қирғизистон орқали келяпти, қирғизлар билан яхши муносабатда бўлинглар, дейишади", дейди чоркўлик киши.

Қирғизистонликлар ҳам асосий келишмовчилик ер ва сувга боғлиқлигини айтишади:

"Ер, сув ортидан жанжал келиб чиқади", дейди Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғидан эканлигини айтган йигит.

Оддий тожикистонликлар ҳам, қирғизистонликлар ҳам тезроқ чегарани аниқлаш ва белгилаш ишлари амалга оширилишини исташади. Улар ана шунда ҳар қандай муаммоларга чек қўйилишига умид қилишади. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги умумий чегара эса 900 километрдан ортиқ.

"Бор муаммоларни ҳукумат ҳал этиши зарур. Чегара борасида шартнома тузиши керак", дейди Лангари дашт қишлоғида яшайдиган киши.