Ўзбекистон тожик вагонларининг маълум қисмини қўйиб юборади

Поезд
Image caption Ўзбекистон томони Тожикистон вагонларининг тўхтаб қолишини техник имкониятлар етишмаётганлиги билан изоҳлаганди

Ўзбекистон Тожикистондаги Алюминий заводи -"ТАЛКО" ширкати учун мўлжалланган юк вагонларини биринчи навбатда ўтказиб юборишини билдирган.

Кузатувчилар деярли икки ойдан буён Ўзбекистон ҳудудида Тожикистон вагонлари тутиб турилгани ва алюминий заводи вагонларининг ўтказилиши муаммонинг ҳал этила бошланганидан дараклигини таъкидлашган.

Турсунзодадаги "Талко" алюминий заводи учун юк ортилган вагонларни ўтказиш борасида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги матбуот хизмати маълум этган.

'Иқтисодда тутган ўрни ҳисобга олинди'

Алюминий заводи касаба иттифоқи қўмитаси темирйўл орқали жўнатиладиган юкларни тезроқ ўтказишга ёрдамлашиш тўғрисида Ўзбекистон элчихонасига мурожаат этишганди. Ўзбекистон темир йўллари "Талко" алюминий заводи учун мўлжалланган хом ашё ортилган вагонларни биринчи навбатда ўтказиб юбориш қарорига келган.

Ўзбекистон элчихонаси "Талко"нинг Тожикистон иқтисодида тутган муҳим ўрни, мамлакат экспорт имкониятларини ошириши ҳисобга олинган ҳолда, қишлоқнинг кўп минг кишилик жамоати иши тўхтаб қолишига йўл қўймаслик зарурияти юзасидан Ўзбекистон темир йўллари тизимида иш ҳажми бир неча баравар кўпайганлигига қарамасдан, ўзбек томони бундан буёғига ҳам "Талко" учун мўлжалланган юклар биринчи навбатда ўтказилишини" таъкидлаган.

"Ўзбекистон темир йўллари" маъмуриятининг билдиришича, кейинги уч ҳафта орасида Ўзбекистон ҳудудига Тожикистоннинг "Регар" темирйўл бекатига йўналган 1720 та вагон кириб келган. Алюминий заводи учун муҳим хом ашё саналган гилтупроқ юкланган 1 минг 370 та вагон Тожикистон ҳудудига ўтказилган.

Ўзбекистон элчихонасидан таъкидлашларича, ҳозирда қолган 340 та вагон ҳам ҳеч бир тўсқинларсиз ва ортиқча тутиб турилмасдан Тожикистонга ўтказилади.

Тожикистон томони бундан икки ой олдин мамлакат халқ хўжалиги учун муҳим юклар ортилган вагонлар Ўзбекистон ҳудудида тутиб турилгани борасида норозилик билдирганди.

Ўзбекистон томони Тожикистон вагонларининг тўхтаб қолишини темирйўл орқали ўтаётган вагонларнинг кўпайиб кетганлиги ва уларни жўнатиш учун техник имкониятлар етишмаётганлиги билан изоҳлаганди.

Жорий ойда Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятида Турсунзода алюминий заводининг бу вилоят экологиясига зарарлари борасида норозилик чиқишлари юз берганди.

Тожикистонлик кузатувчилар Тожикистон вагонларини ўтказмасликни Роғун ГЭСи қурилишига оид келишмовчилар билан боғлашганди.

Бу мавзуда батафсилроқ