Имомали Раҳмон: "Бизга аввало ижтимоий ва сиёсий барқарорлик керак"

Имомали Раҳмон
Image caption Имомали Раҳмон Қирғизистондаги ҳодисалардан ташвишда эканини яширгани йўқ

Тожикистон президенти қўшни Қирғизистонда ҳукуматни ағдарган ғалаёнлардан хавотирда экани айтган. Имомали Раҳмон Тожикистонда тараққиёт бўлиш учун "сиёсий ва ижтимоий барқарорлик зарур," дея огоҳлантирган.

"Қўшни Қирғизистонда юз берган ҳодисалар, гарчанд бу уларнинг ички иши эса-да, бизда жиддий ташвиш уйғотади," деди президент Раҳмон Тожикистон парламенти ўнгида қилган йиллик чиқишида.

"Албатта, Тожикистонда ривожланишни таъминлаш учун бизга, илк навбатда, сиёсий ва ижтимоий барқарорлик зарур," дея илова қилган Имомали Раҳмон

Собиқ Совет Иттифоқининг энг қашшоқ мамлакатларидан ҳисобланган Тожикистон ва Қирғизистон асосан Россияда меҳнат қилувчи муҳожирлар юборадиган маблаққа қарамдир.

Аммо Имомали Раҳмон унинг ҳукумати қашшоқликка қарши муваффақият билан кураш олиб бораётганини айтди.

"Йўқсиллик даражаси 2003 йилда 73 фоиз эди, 2007 йилга келиб 53 фоизга тушди," деди Имомали Раҳмон. Унинг башорат қилишича, камбағаллик даражаси 2012 йилга бориб, 40 фоизга тушади.

Тожикистонни 1992 йилдан буён идора этиб келаётган Имомали Раҳмон Марказий Осиёдаги Россия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги манфаат тўқнашувларига билвосита тўхталиб ўтди.

"Бизнинг минтақамиз бугун турли манфаатлар тўқнашган нуқтага айланган," - деди Имомали Раҳмон. - "Марказий Осиё беқарорлик ва можаро учун саҳна бўлмаслиги керак."