Оврўпо Иттифоқи муваққат қирғиз ҳукумати қадамларини олқишлади

Оврўпо Иттифоқи
Image caption Оврўпо Иттифоқи Қирғизистондаги воқеаларни диққат билан кузатиб турибди

Оврўпо Иттифоқи Қирғизистон муваққат ҳукуматининг конституциявий ислохотларни амалга ошириш йулидаги қадамларини олқишлаган.

Брюсселда учрашган Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Қирғизистондаги воқеаларни яқиндан кузатаётганлари ва октябрда ўтадиган сайловларга тайёргарлик жараёнига ёрдам беришга тайёрликларини айтганлар.

Улар Қирғизистонни беқарорликдан демократик давлат ўлароқ чиқиб олишини исташларини билдирганлар.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларига ҳурматни тарғиб қилиш Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясида белгиланган.

Оврўпо Иттифоқининг умид қилишича, янги конституция ҳақиқий демократик сайловларга йўл очади.

Шу вақтгача Оврўпо расмийлари минтақада ўтказилган сайловларга ўта танқидий назар билан қарашган ва эндиликда, ҳеч бўлмаса, бир мамлакатда жараён ўзгача бўлишига умид қилишмоқда. Оврўпо Иттифоқи бу йўлда ёрдам ҳам таклиф этмоқда.

Аммо иттифоқ Қирғизистон раҳбарлари айнан қайси сиёсий тузумни танлашлари кераклиги ҳақида маслаҳат бермайди.

Оврўпода ҳам президентлик ва ҳам парламент республикалари демократик равишда муваффақият билан иш юритишади.

Оврупо мулозимлари улар учун сиёсий турфафикрлик ва шахс эркинликларининг ҳурмат қилиниши муҳим эканини айтишади.