Тожикистонда полиомиелит ҳоллари ошган

Image caption ЮНИСЕФ келгуси кунларда 4 миллион долларлик вакцинани Тожикистонга олиб келиши кутилмоқда

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти Тожикистонда полиомиелит билан оғриш ҳолларининг авж олишидан хавотир билдирган.

Касаллик Тожикистоннинг Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегарадош ҳудудида тарқалган.

Ташкилот болалар нерв тизимига ҳужум қилиб, уларни фалажлаб қўйиш хавфига эга бўлган касалликни бартараф қилиш учун мамлакатга ўз мутахассислари гурухини йўллагани, ҳамда одамларни ёппасига эмлаш ишларига ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.

Ўтган ҳафта Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти Тожикистонда 128та полиомиелит билан оғриш ҳоллари қайд қилингани ва ундан ўнтаси ўлимга етаклагани ҳақида маълумот олган.

Тожикистон Соғлиқни Сақлаш Вазири Ўринбосари Аъзамжон Мирзоевнинг Би-би-сига маълум қилишича, ҳозирча битта ўлим полиомелит оқибатида юз бергани тасдиқланган.

Жаноб Мирзоев полиомиелитда гумон қилинган бошқа беморлар орасида ҳам ўлим борлиги, лекин уларнинг ташхиси тасдиқланиши учун Москвага юборилган намуналарнинг жавоби келиши кераклигини айтди. Бунинг учун 2 ой муддат керак.

Image caption Поливирусга қарши эмланмаган болалар бутун умрга фалаж бўлиб қолиш хавфи остида

Вазир ўринбосарига кўра, полиомиелит Тожикистон учун янгилик эмас. Лекин сон жиҳатдан ўсиши хавотирли, дейди у.

"Ҳар йили 40-50 нафар беморни қайд этардик, бу йил афсуски, ўтган уч ой ва йигирма кун ичида 120дан ортиқ киши полиомиелитда гумон қилинаяпти," - деди Аъзамжон Мирзоев.

Тожикистонлик мутахассиларга кўра, вируснинг ташувчиси бирон аниқ манба эмас, балки у табиий тарзда юқмоқда. Тожикистонда полиомиелит болалар ўртасида ҳам, катталар ўртасида ҳам бирдек учрамоқда.

Бу полиомиелитга қарши вақтида эмланмаслик оқибатидир.

Полиомиелит бугунги кунда Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Нигерияда тарқалган.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти Тожикистонга қўшни мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонга, ўз аҳолисини полиовирусга қарши эмлаш бўйича режалар ишлаб чиқишга чақирди.