Бакиев сиртдан оммавий қотилликларда айбланди

Бакиев
Image caption Қурмонбек Бакиев намойишчиларга қарата ўт очиш буйруғини ўзи бермаганлигини айтади

Қирғизистоннинг қудратдан четлатилган президенти Қурмонбек Бакиевга сиртдан оммавий қотилликларни уюштириш ва ўз хизмат вазифасини суиистеъмол этиш айблари қўйилган.

Қирғиз муваққат ҳукуматининг суд тизими ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бўйича мувофиқлаштирувчиси Азимбек Бекназаров душанба куни жаноб Бакиевнинг дахлсизлик мақоми бекор қилинганини маълум қилганди.

"Биз Бакиевнинг Бишкекка экстрадиция этилиши ва жиноий жавобгарликка тортилишига эришамиз. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига беларуслик ҳамкасбларидан Бакиевни ортга қайтаришни сўраш буйруғи берилди," деб айтган жаноб Бекназаров.

Унга кўра, икки давлат орасида экстрадицияга оид келишув мавжуд, бироқ Беларус томони ҳозирча жим.

Янги қирғиз ҳукуматининг таъкидлашича, ўша пайтда Қирғизистон Қуролли кучлари Бош қўмондони бўлган жаноб Бакиевнинг ҳарбийларга тинч намойишчиларга қарата ўт очиш буйруғини беришга ҳаққи бўлмаган.

Расмийларга кўра, худди шу сабабдан ҳам собиқ президент маҳкамага тортилиши лозимдир.

Қурмонбек Бакиев янги муваққат ҳукуматни қудратга келтирган қонли тўқнашувлар ортидан Би-би-сига берган суҳбатида намойишчиларни ўққа тутишга ўзи буйруқ бермаганлигини айтганди.

Жаноб Бакиев жорий пайтда Беларусдан бошпана топган. Ва ўтган жума куни Беларус пойтахти Минскда берган матбуот анжуманида ўз истеъфосини тан олмаслиги, лекин Қирғизистонга президент сифатида қайтиш нияти йўқлигини ҳам баён қилганди.

У Қирғизистонда 7 апрел куни кечган ғалаёнлар ортидан президентлик вазифасидан четлатилган ва алал-оқибат мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

Бир неча кун давом этган зўравонликларда эса, 80 дан ортиқ кишининг ҳаётдан кўз юмгани айтилганди.

Бундан аввалроқ муваққат ҳукумат собиқ президент оила аъзоларидан бир нечтасини ҳам ҳисбга олишга буйруқ берганди.

Бакиев кўпхотинлиликда ҳам айбланмоқда

Қурмонбек Бакиевни кўпхотинлиликда айблаган маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари эса, қирғиз ҳуқуқ-тартибот идораларидан унга қарши жиноий иш очишларини сўрашмоқда.

"Наше Право" давлат жамғармаси раҳбари Калича Умуралиева сешанба кунги матбуот анжумани чоғида, "Собиқ қирғиз президенти бир вақтнинг ўзида бир нечта хотинга уйланиб, Қирғизистон Жиноят Кодексининг 153-моддасини бузганлигини" айтган.

Умуралиева хонимнинг айтишича, "Ҳозир терговчилар жаноб Бакиевнинг нечта норасмий хотини борлигини аниқлашлари лозим".

Маҳаллий матбуот воситаларига кўра, расман никоҳдан ўтган рафиқаси Татьянадан ташқари Бакиевнинг яна иккита хотини бор.

Қирғизистонлик терговчилар эса, сешанба куни Қурмонбек Бакиевга тегишли хусусий ҳайвонот боғини қўлга киритишган.

Масъулларга кўра, қор леопарди дохил қатор ноёб ҳайвонлари бўлган боғ жаноб Бакиевнинг жанубий Жалолобод шаҳри ташқарисидаги уйига уюштирилган рейд чоғида аниқланган.

Қирғизистон Бош прокуратура идорасининг билдиришича, "Рейд собиқ президентнинг яқинлари ва дўстларига қарши олиб борилаётган тергов жараёнлари доирасида амалга оширилган".

'Қирғизистон: Омонат тузум қулади'

Халқаро Инқироз гуруҳи сешанба куни махсус ҳисобот билан чиқиб, Қирғизистондаги тузумнинг қулаши Марказий Осиёдаги авторитар ҳукуматлар тўқнаш келиб турган хавфларни ўрганиш учун бир мисол эканини айтган.

"Қирғизистонда юз берган ҳодисалар аксарият қўшни давлатларда рўй бериши мумкин. Ва бунинг оқибатлари Қирғизистондагидан кўра ҳам ёмонроқ бўлиши эҳтимоли йўқ эмас," дейди халқаро ташкилот.

ICG ўзининг янги ҳисоботида яқинда юз берган тўқнашувларга етаклаган омилларга ойдинлик киритиш учун Қирғизистонда ўтган беш йил ичида кечган ҳодисаларни таҳлил этиб, тушунтиришга ҳаракат қилган.

"Апрел воқеаларидан чиқарилажак жиддий сабоқ очиқ ва ойдин: ҳукуматнинг авторитар шакли Қирғизистонда иш бермади ва қолган Марказий Осиё давлатларида ҳам шундай бўлиши тайин. Авторитар ва халқдан узилган тузумлар нафақат уятга қўйувчи иттифоқчи, балки ишончсиз ҳамкор ҳамдир," дейди халқаро ташкилотнинг Осиё дастури раҳбари Роберт Темплер.