Қирғиз собиқ ички ишлар вазири тарафдорлари унинг озод этилишини талаб этишмоқда

Конгантиев
Image caption Собиқ қирғиз ички ишлар вазирининг нега ҳибсга олингани ҳозирча маълум эмас

Қирғизистон собиқ Ички ишлар вазири Молдомуса Конгантиевнинг тарафдорлари унинг озод этилишини талаб этиб, Ўш-Бишкек автотрассасини тўсиб қўйишда давом этишмоқда.

Мазкур автотрасса стратегик жиҳатдан муҳим бўлиб, Қирғизистон шимолини жануб билан боғлайдиган ягона йўл ҳисобланади.

Норозилик акциясида жаноб Конгантиевнинг бир неча ўндан бир неча юзгача бўлган тарафдорлари иштирок этаётгани айтилмоқда.

Улар, "ўз ҳамқишлоқлари озод этилиб, жонажон қишлоғига қайтарилмагунча, Ўш-Бишкек йўлини очмасликларини" баён қилишаётир.

Норозилик иштирокчилари муваққат ҳукумат юқори мартабали мулозимлари билан музокаралар олиб бориш истагида эканликларини айтишмоқда. Маҳаллий масъулларнинг улар билан музокаралари эса, ҳозирча самарасиз якунланган.

Айрим хабарларга кўра, норозилик акцияси сабаб автотрассада юзлаб машиналар тўпланиб қолган.

Жаноб Конгантиев тарафдорлари ўз норозилик амалиётларини кеча бошлашганди.

Улар автотрассанинг Жалолобод вилоятидаги Майли-Суу шаҳридан ўтган қисмини тўсиб қўйишган.

Вилоят масъулллари, "Агар йиғилганлар милициянинг сўзларига қулоқ тутиб, тарқалишмаса, автотрассани ёпиб қўйганликлари важидан уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини" айтишган.

Душанба куни жаноб Конгантиевнинг ҳибсга олинишига норозилик сифатида пойтахт Бишкекдаги парламент биноси ташқарисида ҳам ўнлаб кишилар иштирокида норозилик акцияси уюштирилганди.

Жаноб Конгантиев

Душанба куни қирғиз муваққат ҳукумати собиқ ички ишлар вазирининг Москвада ҳибсга олиниб, Бишкекка келтирилганини расман тасдиқлаганди.

Молдомуса Конгантиевнинг нима асосда қўлга олингани ва унга нисбатан қандайдир айблов қўйилгани ҳозирча маълум эмас.

Расмийларнинг билдиришларича, жаноб Конгантиев жорий пайтда Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизматининг пойтахт Бишкекдаги тергов изоляторида сақланмоқда.

Россия томони унинг ҳибсга олиниши ва Қирғизистонга қайтариб юборилишига оид хабарлар юзасидан бирор бир изоҳ бермаган.

Молдомуса Конгантиевнинг номи 6 апрел куни Талас шаҳрида намойишчилар ва милиция ходимлари орасидаги тўқнашувларни бостириш учун борган пайтда мухолифат тарафдорлари томонидан ўласи қилиб калтакланиши ортидан тилга тушганди.