Марказий Осиёда интернет соҳасини қандай ривожлантириш мумкин?

Интернет кафе
Image caption Форум Марказий Осиёда интернет соҳасини ривожлантиришга қаратилган

Олма отада “Марказий Осиёда интернет соҳасини ривожлантириш -2010” номли форум ўз ишини бошлаган.

Икки кун давом этадиган ушбу форумда 100 дан ортиқ соҳа мутахассислари, ҳукумат ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этишмоқда.

Қатнашувчиларнинг минтақада интернет дуч келаётган қийинчиликлар ва таҳдидларни муҳокама қилишлари кутилмоқда.

Ушбу форум минтақада илк бора ташкил қилинаётир. Унда Туркманистон вакилларидан ташқари Марказий Осиёнинг тўрт давлатидан иштирокчилар қатнашмоқда.

Форум ташкилотчиларидан “Медиа нет” журналистларнинг халқаро маркази лойиҳа бошқарувчиси Динмуҳаммед Зиятдиннинг айтишича, ушбу форум синов учун илк бора уюштирилмоқда.

Ва интернет соҳасидаги одамлар нима билан нафас олишаётгани, уларнинг олдиларида қандай муаммолар турганини билиш мақсадида форумни уюштирганлар.

Форумнинг биринчи кунида интернет соҳасидаги хафвсизлик ва уни бошқаришга бўлган ҳаракатлар қизғин муҳокама қилинган мавзулардан бўлган.

Асосий бошоғриқ - тақиқ

Яъни ҳукумат томонидан мустақил интернет нашрларини назорат этишга бўлган уриниш Марказий Осиёдаги интернет фойдаланувчиларининг бош муаммоларидан эканлиги ойдинлашган.

"Ушбу форумда ҳукумат вакилларининг ҳам иштирок этгани ва биз кўтарган муаммоларни эшитгани бир томондан яхши бўлди. Биз Қозоғистонда янги қонун ортидан блогларнинг ҳам оммавий- ахборот воситасига киритилганини кўтариб чиқдик, дейди “Эркин интернет учун” ҳаракати раҳбари Улан Шамшет.

Ўзбекистондан келган вакил эса, мамлакатдаги интернет, оммавий-ахборот воситаларини таҳлил қилиб, Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда интернет технологияларининг ўрни ҳақида гапирган.

Ўзбекистон минтақада эркин интернетга тақиқ қўювчи мамлакатлар сирасига киради. Мамлакатда Ўзбекистон ҳақида бирор танқидий материал берувчи ҳар қандай интернет нашри, ҳаттоки, форум ва блогларга ҳам тақиқлар қўйилган.

Форум бўлиб ўтаётган Қозоғистон ҳам мустақил журналистлар томонидан интернетга тақиқ қўйувчи ва уни бўғувчи мамлакат сифатида танқид қилинади.

Қозоғистонда янги чиққан қонун бўйича, блоглар ҳам оммавий-ахборот воситаси сифатида жавобгарликка тортилиши мумкин.

Мамлакатда livejournal.ru сайти очилмайди. Мустақил газеталарнинг Интернет нашрларига эса муттасил ҳужумлар бўлиб туради.

Форумда минтақадаги интернет билан боғлиқ муаммолар ва ютуқларни ўрганиб, хулоса чиқариш кўзда тутилган.

Иштирокчилар уни ҳар йили ўтказиб туришни мақсад қилганлар.

Форум Конрад Аденаур жамғармаси, Оврўпада Хавсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Остонадаги маркази кўмагида ташкил қилинган.