'Роғун қурилиши экспертизадан сўнг давом эттирилади'

Жаҳон банкининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Филипп Ле Уэру
Image caption Жаноб Ле Уэру Роғун қурилишини бориб кўрган

Тожик мулозимлари билан учрашган Жаҳон банкининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Филипп Ле Уэру айтишича, баҳсли Роғун ГЭСи қурилиши фақат экспертизадан кейин давом эттирилади.

Куни кеча Тошкентда Ўзбек ва Тожик ҳукумати ҳайъатлари учрашган, бу учрашувда расмий Тошкент яна бир бор халқаро экспертиза хулоса чиқармагунча Роғунда на қурилиш ва на қайта тиклаш ишларини давом эттирмасликни сўраган.

Тожикистонга сафари доирасида Жаҳон банкининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Филипп Ле Уэру Роғун ГЭСи қурилиши майдонини бориб кўрган.

Жаноб Уэруга Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов ҳамроҳлик қилди.

"Мен у ерда фақат реконструкция ишлари амалга оширилаётганлигини ўз кўзим билан кўриб, бунга ишонч қилдим", деб айтди Филипп Ле Уэру.

"Янги иншоотларни барпо этиш фақат тегишли текширувдан кейин бошланади", дея қўшимча қилди у журналистлар билан мулоқотда.

Жаноб Ле Уэру Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун фойдали лойиҳа - Роғун қурилишини Жаҳон банкининг мувофиқ экспертизасидан сўнг давом эттириш мумкинлигини айтган. - Биз Тожикистон раҳбари билан Марказий Осиёдаги сув-энергетика вазиятини ҳам муҳокама қилдик ва бизнинг ҳозирда Роғунда бўлган экспертларимиз ушбу объектдаги реконструкция ишларини қўллашмоқда, - деди Ле Уэру.

Кузатувчиларга кўра, Роғун ГЭСи халқаро эскпертизаси 2-3 йил мобайнида ўтказилади.

Тожикистон ўзининг энергетикага бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Шўролар даврида бошланган йирик Роғун ГЭСи қурилишини якунлаб, ишга тушириш режасини эълон қилган, бунинг учун зарур маблағ топиш мақсадида мамлакатда Роғун акцияларини аҳолига сотиш бошланган.

Минтақавий дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон сувнинг бошланишида жойлашган Тожикистон ва Қирғизистонда янги ГЭСлар барпо этиш минтақа экологиясига салбий таъсир кўрсатишидан хавотир билдириб келади.

Иқтисодиётининг асосини пахтачилик ташкил этадиган Ўзбекистон Роғун каби сув иншооти барпо этилганидан сўнг ўзининг зироатчилиги сув тақчиллиги билан рўпара келишидан ташвишда.

Ўзбекистон Роғун ГЭСи лойиҳаси юзасидан халқаро экспертиза ўтказиш талаби билан чиққан.

Тожикистоннинг ушбу йирик лойиҳаси расмий Тошкент билан муносабатлар совушига сабаб бўлган.

Шу ой бошида БМТ котиби Пан Ги Мун минтақа мамлакатлари бўйлаб сафар қилган, жаноб Пан Роғун ГЭСи лойиҳаси юзасидан халқаро экспертиза хулосаси эълон қилингунига қадар Ўзбекистон ва Тожикистонни бир тарафлама ҳаракатлардан тийилишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ