Ўшлик ўзбеклар намойишлар ўтказишган

Ўшликлар
Image caption Ўшлик ўзбеклар миллатчилик ҳиссиётларига берилмасликларини айтишган

Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳри аҳолиси орасида ўтган дам олиш кунларида бир неча норозилик чиқишлари бўлиб ўтиши ортидан Ўш ҳокими аҳолини ҳиссиётларга берилмасликка чақирган.

Ўшнинг Фурқат маҳалласи, Амир Темур мавзеси, Турон шаҳарчаси ва марказий бозори яқинида жума оқшоми ва шанба кунлари 200-300 ёшлар тўпланган.

Уларнинг айтишларича, қирғиз миллатига мансуб таъмагирлар автомобиль сотувчи ўзбек савдогарларни ва яна бошқа бир ҳодисада ўзбек йигитларни калтаклашган.

Бугун, душанба куни, Ўш шаҳри ҳокими Мелисбек Мирзаҳматов ўзбеклар маҳаллаларида учрашувлар ўтказиб, аҳолининг ҳавотирлари ва талабларини ўрганмоқда.

Ҳоким билан учрашувга келган мингдан зиёд одамлар орасида "ўзбеклар ва қирғизлар қардош халқ, улар бир-биридан ажратилмасин, миллатчиликка ўрин йўқ" каби шиорлар янграган,

Жаноб Мирзаҳматов барча муаммолар тез орада ечилишига ваъда берган.

Ваҳима ва миш-мишлар

Image caption Ўш ҳокими Мелисбек Мирзаҳматов олдида миллий уйғунликни сақлашдек муҳим вазифа турибди

Дам олиш кунларида чиқиш қилган намойишчиларга кўра, шаҳарликлар орасида қирғиз гуруҳлари бостириб келаётгани ва ўзбеклар дўппослаб кетилаётгани борасида кўп ваҳима ва миш-мишлар тарқалган.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси ўзбек маҳаллаларида навбатчилик қилинган.

Ўзбек ёшлари намойишлари асосан ўзбеклар яшайдиган мавзеларда ўтган бўлиб, уларда "қачонгача индамаймиз, биз ҳам шу мамлакат фуқароларимиз, бизни тенг кўришсин", ҳамда "бизнинг кадрларни ҳам ишга олсин" қабилидаги чақириқлар янграган.

Ўш шаҳридаги ўзбек миллий арбоблари бу намойишларни ташкил қилишмагани, балки ёшларнинг ўзлари тўсатдан чиқишганини айтишди.

Шаҳар раҳбарияти ҳамда ўзбеклар фаоллари аҳолини миш-мишлар ва ҳиссиётларга берилмасликка чақирган.

Шаҳар маъмурияти ва маҳаллий ўзбекзабон телеканалларда ишонч телефонлари ўрнатилган.

Қидирув

Айни дамда Қирғизистон муваққат ҳукумати ағдарилган Президент Қурманбек Бакиевга яқин бир қатор мулозимларнинг қидирувга эълон қилингани борасида маълум қилган.

Қидирувда экани айтилган шахслар орасида жаноб Бакиевнинг уч ака-укаси ва ўғли ҳам бор.

Янги ҳукумат Қирғизистон фуқароларини мазкур рўйхатдаги кишиларни пулли мукофот эвазига тутиб беришга ёки тутиш йўлида ёрдам кўрсатишга чақирган.

Эълонда пулли мукофот 20 мингдан 100 минг долларгача бўлиши мумкинлиги айтилади.