ҲРУ: 'Андижонлик қочқинларнинг оилаларига босим давом этмоқда'

Ўзбек аскарлари, 2005 йил, Андижон
Image caption Андижон ҳодисалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш чақириқлари жавобсиз қолмоқда

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2005 йил Андижонда кечган намойишларга алоқадорликда гумон қилинганлар яқинларини қаттиқ таъқиб қилмоқда.

Ташкилот ўзи олиб борган янги тадқиқот Андижон ҳодисаларидан сўнг хорижда бошпана топган инсонларнинг оилаларига қарши босимлар давом этаётганини кўрсатган.

Милиция доимий равишда уларни сўроққа тутади, мунтазам кузатиб боради ҳамда жиноий жавобгарликка тортиш ва ё уй-жойларини олиб қўйиш билан таҳдид қилади.

Тадқиқот хулосасида айтилишича, мактаб расмийлари андижонлик қочқинларнинг Ўзбекистонда қолган болаларини таҳқирлайдилар.

Орадан беш йил ўтиб ҳам, Андижондаги намойишларда иштирок этганликда гумон қилинган ва ё қирғинга гувоҳ бўлган одамлар ҳамон ҳибсга олинади, калтакланади ва уларга қарши таҳдид қилинади.

Ҳюман Райтс Уотчнинг таъкидлашича, Австралиядан қайтган қочқин Дилором Абдуқодированинг Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва ноқонуний ташкилотга аъзолик бандларида айбдор деб топиб, 10 йилу икки ойга озодликдан маҳрум этилгани ҳукумат Андижон воқеаларига алоқадор деб кўрган ҳар қандай кишига қарши қанчалар қаттиққўл жазо бериши мумкинлигини кўрсатади.

"Андижон жабрдийдалари учун адолатни қарор топтириш ўрнига Ўзбекистон ҳукумати норозилик чиқишларига алоқаси бўлган ҳар бир инсонни таъқиб қилади", дейди Ҳюман Райтс Уотчнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳолли Картнер.

Унга кўра, "Андижонда шафқатсизликлардан беш йил ўтиб ҳам қўрқув муҳити мавжуд".

Ҳюман Райтс Уотч 2010 йилнинг март ойида таъқиблардан қўрқиб, Андижондан қочиб чиққан 24 киши билан суҳбатлашган. Улардан айримлари 2005 йилдаёқ, баъзилари эса, ўтган олтидан ортиқроқ вақт муқаддам Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлганлардир. Улар Андижонни ўзларининг яқинлари доимий қўрқув ичида яшайдиган жой сифатида тасвирлашган.

Бу мавзуда батафсилроқ