Шимолий Тожикистондаги ўнта туман яйлов ва экинзорларини чигиртка босган

Чигиртка
Image caption 'Чигиртка ҳам офат экан', дейди тожикистонликлардан бири...

Суғд вилояти "Чигирткага қарши кураш" ташкилоти маълумотларига кўра, 5000 гектарга яқин ерга чигирткалар ҳужум қилишган.

Мутахассислар чигиртка тарқалишининг учинчи босқичидан хавотирлик билдиришмоқда. Учинчи босқичда чигирткалар уча бошлашади ва бир чеккадан ўсимликларни ейишга тушишади.

Ҳозирда Суғд вилоятида айни шу хатарли ҳолнинг олдини олиш учун чигирткага қарши кураш бошланган. Лекин бу мақсад учун зарур бўлган техника ва кимёвий дориларнинг етарли эмаслиги хавотирликни юмшатмаган.

'Чигиртка ҳам офат экан'

Шимолий Тожикистонда чигиртка босаётган майдонлар йигирма кун давомида деярли ўн баравар кўпайиб, 5 минг гектарга етган.

Суғд вилоятидаги "Чигирткага қарши кураш" махсус ташкилоти бошлиғи Ҳакимжон Шокировнинг айтишича, чигиртка вилоятнинг ўн тўртта туманидан ўнтасига тарқалган.

"Биз чигирткалар ҳали уча бошламасдан олдин уларни қириб ташлаш учун кураш олиб боряпмиз. Бу мақсадда ўндан ортиқ техника воситаси ишлатилмоқда. Мен ҳозир Душанбедаман. Ўзимиздаги заҳиралар етарли эмаслиги учун бу ерга кимёвий дорилар олиб кетиш учун келганман", дейди Ҳакимжон Шокиров.

"Чигиртка қўшни мамлакат томондан келди ва аввало чегара туманларини босди ва энди бошқа туманларга ҳам тарқалди", дея сўзида давом этади Ҳакимжон Шокиров.

Ҳозирда Ўзбекистон билан чегарадош Зафаробод, Мастчоҳ, Бобожон Ғафуров, Истаравшан ва шунингдек Ғончи туманларида чигиртканинг энг кўп тарқалгани кузатилган.

Бобожон Ғафуров туманининг Айри қишлоғида яшайдиган аёллардан бири агар тезроқ ишлов берилмаса, чигиртка худди олдингидай бор экинини еб битиришидан хавотирда.

"Ўтган йили чигиртка келди. Чигиртка ҳам бу офат экан. Бизнинг деҳкончилигимизга кўпроқ шикаст бўлди. Ҳосил ола олмадик".

Чигиртка ҳозирча кўпроқ яйловларда ва табиий ўтлоқларда кўп учрамоқда. Уни йўқотиш учун мутахассислар билан бирга деҳқонларнинг ўзлари кураш олиб боришмоқда. Техника етишмаётганлиги боис, кўпинча заҳарли дорилар қўл билан сепилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, агар чигиртка ҳозирги ҳолатида қириб ташланмаса, яна қирқ-эллик кундан кейин уча бошлайди ва унда унга қарши курашиш ўта қийинлашади.

Суғд вилояти "Чигирткага қарши кураш" махсус ташкилоти мутахассисларининг таъкидлашларича, кейинги ўн йил давомида биринчи марта чигиртка минглаб гектар майдонга тарқалган.

Кузатувчилар эса, агар Тожикистоннинг ўзида чигирткага қарши кураш воситалари етарли бўлмаса, халқаро ташкилотларга мурожаат этиш зарурлигини таклиф этишмоқда. Уларнинг фикрларича, аксинча, ҳосил бой берилади ва вилоятнинг етмиш фоизга яқин аҳолиси яшайдиган қишлоқларда камбағаллик даражаси янада кучайиши мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи камбағалликда кун кечиради.

Бу мавзуда батафсилроқ