Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистон президентига миннатдорчилиги нимани англатади?

Каримов, Имомали Раҳмон
Image caption Ён қўшни- жон қўшни...

Тожикистон президенти ўзбекистонлик ҳамкасбига Тожикистоннинг юк вагонлари транзитига рухсат бергани учун миннатдорчилик билдирган.

Президент Раҳмон бу ҳақда ҳукуматнинг Сўғд ва Хатлон вилоятларида юз берган сел оқибатларини бартараф этишга қаратилган фавқулодда йиғинида гапирган.

Тожикистон давлат телевидениси орқали намойиш этилган ҳукумат масжлисида жаноб Раҳмон "Ўзим, Тожикистон ҳукумати ва халқи номидан Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан ушбу дўст ва қардош қўшни давлат раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримовга ҳозирги қийин шароитда қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг Хатлон ўртасидаги темир йўлини таъмирлаб, ушбу йўналишда поездлар ҳаракатининг тиклангани учун миннатдорчилик билдираман", - деб айтган.

Жаноб Раҳмонов табиий офат ҳозирга қадари мамлакат иқтисодиётига 210 миллион доллар зарар етказганини айтган.

Фалокатда 20 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган.

Айни пайтда Ўзбекистон мамлакат ҳудудидан ўтадиган хорижий автомобиллар учун тўлов нархини оширган. Илгари мисол учун, Тожикистондан Россияга бораётган автобус учун 50 доллар тўланган бўлса, энди 90 доллар талаб қилинади.

Тожикистонга бораётган темирйўл вагонлари шу йил февралидан Ўзбекистон ҳудудида туриб қолган, Тожикистон қўшнисини иқтисодий қамал қилаётганликда айблаб чиқди, аксар кузатувчилар ишонишича, Роғун ГЭСи қурилишини истамаётган Ўзбекистон қурилиш моллари ортилган вагонларни ўтказмай қўйди. Хўш, Президент Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга миннатдорлиги нимадан далолат беради? Би-би-си ушбу саволни Тожикистондаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Суҳроб Шариповга берган:

Суҳроб Шарипов: Даставвал, мен Тожикистонда табиий офатлар туфайли оғир вазият юзага келганини таъкидламоқчиман. Кўлоб, Панжикент, Ғончи минтақаларида инсоний талофотларга олиб келган, мамлакат иқтисодига юзлаб миллион доллар зарар етказган тошқинлар, селлар рўй берди. Шундай бир пайтда Ўзбекистон темирйўлчиларининг айнан табиий офатлардан зарар кўрган Хатлон вилоятига вагонларни ўтказишни бошлагани - Ўзбекистон томонидан яхши қўшничилик амали бўлди. Оғир аҳволга тушиб қолган қўшнисини тушуниб, унга инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани учун Президентимиз Имомали Раҳмоннинг Президент Ислом Каримов ва Ўзбекистон халқига ўз миннатдорлигини билдиргани табиий ҳол. Аммо муаммолар ҳали ечилмаганича турипти. Тожикистон президенти ва бош вазири, ўртада мавжуд муаммоларни бирор бир учинчи тарафни жалб қилмасдан туриб, Ўзбекистон ҳукумати билан юзма-юз муҳокама этишга тайёрлигини билдиришган, шу боис ҳам Ўзбекистон тарафидан бу ишорага юқори баҳо берилди.

Би-би-си: Охирги ойларда икки мамлакат раҳбарлари орасида қўшнисига нисбатан бундай оҳангда баёнот билан чиқиши кузатилмаганди. Шунинг учун Тожикистон президентининг миннатдорчилиги - бу Тожикистоннинг қўшниси билан зиддиятга бормасдан, мавқени ўзгартирган маъқул, деган фикрга келганини англатиши мумкинми?

Суҳроб Шарипов: Агар биз, мисол учун, Тожикистоннинг Роғун ГЭСини қуриш мавқеси ҳақида гапирадиган бўлсак, у ўзгаргани йўқ. У барпо этилади. Айнан Ўзбекистон Роғун ГЭСи лойиҳаси юзасидан халқаро экспертиза ўтказиш талаби билан чиққан. Тожикистон Жаҳон банки билан меморандум имзолади. Ана шу меморандумга асосан Жаҳон банки лойиҳа экспертизаси учун маблағ топди. Тожикистонда яқинда бўлган Жаҳон банки вице-президенти бундай текшириш ўтказилишини қўллаб-қувватлади. Мана ҳозир экспертиза гуруҳи таркибини аниқлаштириш ишлари бораяпти. Ундан кейин тендер ўтказилади. Тожикистон Президенти мамлакат парламентига мурожаатида ушбу масалани очиқ баҳс қилишга тайёр эканини, масаланинг икки мамлакат учун ҳам маъқул ечимини топишни исташини айтди. Тожикистон аввалдан ҳам икки мамлакатга тааллуқли масалаларни бирга муҳокама этиш тарафдори эканини айтиб келган.

Би-би-си: Лекин мана яқинда Тошкентда бўлиб қайтган Тожикистон ҳукумати ҳайъатининг музокаралари натижасиз якунлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Тожикистон томони очиқ баҳсга тайёрлигини билдирган тақдирда ҳам Ўзбекистон томони ўзининг мавқесини ўзгартирмаса-чи?

Суҳроб Шарипов: Тошкентда ҳам ақлли инсонлар ўтиришипти. Бугунги замонда бирор бир муаммони инсоният мулоқотсиз, музокараларга бормасдан, муроса қилмасдан ҳал этолмайди. Мен ўйлайманки, Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи лойиҳаси бўйича хавотирларини Жаҳон банки ўтказадиган экспертизаси аритиб юборади. Тўғри, дастлабки лойиҳага фарқли жиҳати, янги, замонавий технологиялардан фойдаланиш таклифлари киритилиши мумкин. Бунда, албатта, асосий эътибор Тожикистоннинг ўзининг хавфсизлигига қаратилади.

Бу мавзуда батафсилроқ