Қирғизистон: янги ҳукумат рақиблари жанубдаги маъмурият биноларини босиб олишган

Намойишчилар
Image caption Қирғизистонда сиёсий беқарорликлар ҳамон давом этаётир

Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод шаҳарларидаги маъмурият бинолари муваққат ҳукуматнинг мухолифлари, ишонилишича, собиқ Президент Бакиевнинг тарафдорлари томонидан босиб олинган.

Сўнгги хабарларда, яна бир вилоят - Боткендаги маъмурият ҳам мухолифат томонидан эгалланган.

Аввалроқ, Қирғизистон Ўш шаҳрида муваққат ҳукуматга қарши бўлган бир неча юз одам маҳаллий ҳукумат биносини босиб олишганди.

Ишғолчилар асосан аёллардан иборат бўлган.

Улар муваққат ҳукумат томонидан тайинланган вилоят губернаторига қарши чиқишгани айтилмоқда.

Янги ҳукумат тарафдорлари ва рақиблари ўртасида тўқнашувлар юз берган ва милиция юз бераётган ҳодисаларга аралашмагани хабар қилинган.

"Қасосга йўл қўймаймиз"

Қирғизистон собиқ ҳукумати тарафдорлари "қасос олишга уринмоқдалар ва бунинг учун фаол ҳаракат қилмоқдалар".

Бу ҳақда Қирғизистон муваққат ҳукуматининг раҳбари Роза Отунбаева конституциявий ислоҳотга бағишланган мажлис чоғида маълум қилди.

"Лекин биз собиқ ҳукуматнинг қасос олишига йўл қўймаймиз", - деди Роза Отунбаева.

Собиқ Президент Бакиев тарафдорлари, унинг сўзларига кўра, "ўз мақсадларига етиш учун катта пул ажратмоқдалар, одамларни сотиб олмоқдалар ва ичирмоқдалар".

Роза Отунбаева муваққат ҳукумат ўртасида ғоявий бўлинишлар юз бергани ҳақидаги сўзларни инкор этди.

У муваққат ҳукумат аъзолари "ягона ғоя" - демократик давлат қуриш ғояси атрофида бирлашганликларини айтди.

Чоршанба куни Қирғизистон парламенти биноси ўнгида янги ҳукумат ҳаракатларига қарши бир неча минг кишилик намойиш бўлиб ўтди.

Муваққат ҳукумат ҳозирда парламент биносидан туриб иш юритаётир.

Айни куннинг ўзида айни жойда муваққат ҳукуматни дастаклаб уч мингга яқин одам иштирокида яна бир намойиш бўлиб ўтди.

Кузатувчилар мамлакатда беқарорлик ҳамон сақланиб қолаётганини айтишади.