Қирғизистон: Жалолободдаги тўқнашувларда камида бир одам ҳалок бўлди

Намойишчилар

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод шаҳрида муваққат ҳукумат ва ағдарилган президент Қурманбек Бакиев тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувда камида бир одам ҳалок бўлди ва 40 дан ошиқ одам яраланди.

Бу ҳақда Жалолободдаги марказий шифохона бош шифокори Би-би-сига маълум қилган.

Жалолободдан келаётган сўнгги хабарларга кўра, муваққат ҳукумат тарафдорлари вилоят ҳокимияти биносидан Бакиев тарафдорларини сиқиб чиқаришга муваффақ бўлганлар.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг 250-300 атрофидаги тарафдорлари ҳам Ўш вилояти ҳокимияти биносини қайта эгаллаб олганлар.

Асосан ёшлар ўртасидаги тўқнашувларда бир неча йигит калтакланган.

Ўшдаги тўқнашувлар ҳақидаги видеони томоша қилинг

Ўшдаги мухбиримиз Мўмин Бекзоднинг айтишича, "тартибсизликлар фақат марказий майдон атрофида юз берган, шаҳарда эса осойишталик ҳукм сурмоқда".

Пайшанба куни эрталаб ағдарилган президентнинг 250 атрофидаги тарафдорлари Ўшдаги вилоят ҳокимияти биносини босиб олишганди.

Улар орасида вазифасидан четлатилган вилоят губернатори Мамасидиқ Бакировнинг ҳам борлиги хабар қилинади.

Айни кун 100 га яқин аксил-ҳукумат намойишчилар Жалолобод вилояти ҳокимиятини эгаллаб олишди.

Ортидан Боткен вилояти ҳокимияти биноси Бакиев тарафдорлари томонидан ишғол этилди.

Кечга бориб муваққат ҳукумат Боткен ҳокимиятини қайта ўз назоратига олди, бироқ Жалолободдаги ҳокимият биносидан Бакиев тарафдорларини чиқара олмади.

Қирғизистон муваққат ҳукумати тартибни ўрнатиш учун минтақага Мудофа вазири Исмоил Исоқовни йўллаган.

Исмоил Исоқовнинг Ўш шаҳрида муваққат ҳукуматга қарши бўлганлар билан "натижасиз" мулоқот ўтказгани хабар қилинади.

Жалолободдаги манбаларнинг айтишича, шаҳарда бозору дўконлар ёпилган, кўпчилик ташқарига чиқмаётир.

Президент Қурманбек Бакиев ҳокимияти ўтган ой қонли ғалаёнлар ортидан ағдарилган эди.

Жаноб Бакиев Қирғизистонни тарк этди ва Белорусдан бошпана топди.

Қирғизистонда мухолифат раҳбарларидан иборат муваққат ҳукумат ташкил этилди.

Аммо мамлакатда сиёсий вазият ҳамон беқарорлигича қолмоқда.

Аксар оддий аҳоли вакиллари "амал талашиш, беқарорлик ва сиёсатчилар сафсатабозлиги"дан чарчашганини айтадилар.