Шимолий Тожикистонда ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кескин ошди

Тожик милиция зобитлари
Image caption Суғд вилояти ички ишлар бошқармаси ўз жонига қасд қилиш ҳолларидан ташвишда

Шимолий Тожикистонда шу йил бошидан буён ўтган йилнинг айни даврига қиёслаганда ўз жонига қасд қилиш ҳоллари деярли қирқ фоизга кўпайган.

Суғд вилояти ижроия ҳокимияти бу ҳолдан ташвиш билдириб, янги фожиалар олдини олиш чораларини кўришга киришган.

Кузатувчиларга кўра, ўз-ўзини ўлдирганлар ва ўз жонига қасд қилишга уринганлар орасида эркаклар кўпайган.

Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида иқтисодий қийинчиликлар кўрсатилмоқда.

Бўйнида арқон эркаклар

"Бир кунда уч киши ўзини ўлдирган. Уларнинг учови ҳам эркак, бири 35, иккинчиси 38, учинчиси 52 ёшда. Ўз жонига қасд қилган бу одамларнинг икки нафари ишсиз бўл-ган…"

Мазкур хабар Суғд вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотларидан олинди.

Бошқарма маълумотига кўра, йилнинг ўтган муддатида ўзини ўлдирганлар сони 100 нафардан ортган, суиқасддан сўнг тирик қолганлар сони эса эликка яқинлашган.

Суғд вилояти ички ишлар бошқармасида ўтказилган ҳисоб-китобга кўра, олдинги йилнинг худди шу даври билан солиштирганда ўз жонига қасд қилиш ҳодисалари деярли қирқ фоизга кўпайган.

Таҳлиллар кўрсатишича, ўзини нобуд қилиш ёки бунга уриниш ҳолларининг ярмидан кўпроғи эркаклар томонидан содир этилган.

"Биз таҳлиллар ўтказганмиз. Нима сабабдан бу ҳодисалар юз берган? Ўз-ўзини ўлдиришга қандай қўл урилган: ўзини осганми, қурол билан отганми ё бошқами? Ҳаммаси-ни ўргандик. Мисол – оилали бир киши учинчи қаватдан ўзини ерга ташлайди. Нега бундай қилган? Сабаби у қарздор бўлиб қолган экан," дейди бошқарма мулозими, полковник Мирзонаим Муртазоев.

"Эркакларнинг иқтисодий қийинчиликдан чиқиш чорасини топа олмасдан, ўз жонига қасд қилиш ҳоллари бор, - қўшимча қилади жаноб Муртазоев. - Лекин эркак одам иродали бўлиши, ўйлаб иш қилиши, ўзи бу дунёдан кетгач, оиласи, фарзандлари тақдири қандай кечишини ўйлаши зарур эмасми?"

Уйда тинчлик йўқолганда

Айни бир пайтда эркакларнинг дунёдан ўз ихтиёри билан кетишга чоғланиш ҳолларининг бошқа сабаблари ҳам борлиги айтилади.

Бунда кўпроқ руҳий хасталикка чалиниш, оилавий можаролар тилга олинади.

Бобожон Ғафуров туманининг Қатаған қишлоғида яшовчи Роҳинисонинг исмли аёлнинг айтишича, уйланганига икки ой ўтмаган янги куёв ўз жонига қасд қилган.

Бунга унинг уйидаги жанжаллар, ота-онасининг эътирозлари сабаб бўлган.

"Ана шундай жанжаллардан биридан сўнг йигит оғилга киради-да ўзини осади. Хайрият, нимадир тақиллаганини эшитган келиннинг юраги ғаш бўлади. У югуриб оғилга кирса, эри ўзини осган. Ёш келинчак арқонни кесиб ташлаб, эрини қутқариб қолади," дейди Роҳинисо.

Унинг айтишича, келин-куёв тотув яшашган, бирон-бир келишмовчилик бўлмаган.

"Ҳозир оила тинч яшаяпти. Ота-онаси ўғилларининг тирик қолгани учун қўй сўйишди," дейди Роҳинисо.

Энг ташвишли ҳол

Image caption Кимдир арава тортиб пул топади, кимдир нимадир сотиб...

Суғд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал Рауф Юсуповнинг айтишича, ўз-ўзини ўлдириш ва жонига қасд қилишга уриниш энг ташвишли ҳоллардан бири бўлиб турибди.

"Гарчи бу борада вилоят ички ишлар бошқармаси муайян чора-тадбирларни амалга оширган бўлса-да, ҳамон вазият ташвишланарли. Мазкур масалани тўла ҳал этиш учун маҳаллий ижроия ҳокимияти мулозимлари, минтақа фаоллари, тиббиёт мутахассислари, руҳшунослар, ижтимоий ҳимоялаш, маориф ва дин ходимлари биргаликда куч ва воситаларини уйғунлаштирган ҳолда иш юритишлари зарурлиги тақозо этилади," дейди генерал Рауф Юсупов.

Унинг айтишича, вилоят ички ишлар бўлимида бу борадаги фаолиятни кучайтириш мақсадида махсус топшириқ расмийлаштириб, шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимларига жўнатилган.

Ушбу топшириққа кўра, агар ўз-ўзини ўлдириш ё ўз жонига қасд қилишга уриниш ҳоллари юз берганда, бу ҳодисалар асл сабабларини ўрганиб, уларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўриш талаб этилади.

Дор остига ундаш жазоланадими?

Шу кунларда Бобожон Ғафуров туманида яшовчи Рустамбек Қосимовга нисбатан Тожикистон Жиноий Кодексининг икки моддаси билан жиноий иш қўзғалган.

У ўзидан қарз олган кишини жонидан тўйдириб, суиқасд қилишга етказишда айбланмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот мулозимларининг билдиришларича, Қосимовдан қарз олган тадбиркор Рустам Маражабов пулни вақтида қайтара олмаган.

Қарз берган шахс эса қарздор пулни белгилаган муддатда келтириб бермаса, қаттиқ жазолашини айтган.

Рустам пул топа олмасдан дарахтзорга бориб ўзини осган.

Спитамен туманида яшайдиган Фарҳоднинг айтишича, суиқасдга элтадиган амалларни содир қилганлар аслида камдан-кам ҳолларда жазога тортиладилар:

"Мен тенги – йигирма ёшли йигит бировдан тўққиз минг доллар қарз бўлиб қолди. У қарзни вақтида қайтара олмагач, қарз берганлар таҳқирлаб уришган, тиз чўктириб, ёлвортириб, суратини қўл телефони орқали тарқатишган. Бунга чидаёлмаган йигит ширин ўз жонига қасд қилди," дейди Фарҳод.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган муддатида ўз жонига қасд қилишга олиб борганлиги учун тўрт кишига нисбатан жиноий иш очилган.

Аёллар марказига мурожаат этаётган эркаклар

Ҳуқуқ-тартибот мулозимлари ўтказган тадқиқотларга кўра, ўзини ўлдириш ҳодисаларининг ҳар саккизтадан биттаси турмуш даражасининг пастлигига бориб тақалади.

Бу руҳий хасталик, оилавий жанжаллар каби сабаблар боис жонига қасд қилиш ҳолатларига қараганда озлиги айтилади.

Айни бир пайтда ҳар тўрт ҳодисанинг биттасининг сабаби аниқланмасдан қолмоқда.

Гендер масалалари билан шуғулланувчи профессор Раъно Бобожонованинг фикрича, ҳар қандай ҳодиса олдини олиш учун уни келтириб чиқарадиган сабаблар атрофлича ўр-ганилиши зарур.

"Менинг фикримча, бизнинг жамиятимизда эркаклар учраётган қийинчиликлар ўрганилмаган ва эркаклар муаммосига оид бирон-бир тадқиқот йўқ. Афсуски, эркакларимиз ўзлари дуч келган инқирозни қабул ва бартараф қила олишмаётир. Унга қарши курашиш йўлларини ҳам ўрганишган эмас," дейди Раъно Бобожонова.

Унинг илова қилиишча, эркаклар орасида ўз-ўзини ўлдириш ҳоллари тобора кўпаймоқда.

"Балки бундай ҳодисалар илгариги замонларда ҳам бўлгандир. Лекин бу айб саналарди ва бошқаларга билдиришмасди," дейди Раъно Бобожонова.

Олиманинг айтишича, Хўжанддаги аслида оилавий зўравонликка учраётган аёллар учун мўлжаллаб очилган "Гулрухсор" инқироз марказига тобора кўпроқ эркаклар мурожаат этишмоқда.

"Гулрухсор" инқироз маркази ишонч телефонларига эркаклар ҳам қўнғироқ қилишаяпти ва ўзлари учраган қийинчиликлар ҳақида гапиришаяпти. Бундан келиб чиққан ҳолда эркаклар учраётган муаммоларни ҳар тарафлама ўрганиш ва муаммоларни тўғри ҳал этиш вақти етиб келди деб ўйлайман," дейди Раъно Бобожонова.

Унинг ишонишича, эркаклар учун махсус инқироз маркази очиш зарур.

Россияда омад юришмаганда

Image caption Йигитлар лоторея дўконини ўраб олишган: балки омад кулиб боқармикин?

Кузатувчиларга кўра, ишсизлик, оила тебратиш учун етарли маош олмаслик эркакларни ўлимни сўнгги чора деб билиш томон етакламоқда.

Айни бир пайтда Тожикистонда иш топа олмаган эркакларнинг Россия ва бошқа мамлакатларга ишлаш учун жўнаб кетаётганликлари айтилади.

Айни шу четдан юборилаётган пуллар ҳисобига янги уйлар тикланмоқда, машиналар сотиб олинмоқда, тўйлар қилинмоқда.

Аммо Россия иш излаб келган ҳар бир кишига марҳамат қучоғини кенг очаётир, деб ўйлаган киши хато қилади, дейди Жаббор Расулов туманида яшайдиган Равшан Абдуллаев.

"Россиядан соғлигини йўқотиб келаётган эркаклар озми? Россияга етиб бориш учун қарз кўтариб, у ерда қарз узиш ўрнига бўйнигача қарзга ботган эркаклар қанча?", дейди Россияда ишлаётган, аслида касби ўқитувчи бўлган Равшан Абдуллаев.

Тожикистоннинг ўзида бир кунлик қозон қайнатиш учун бозорда арава тортаётган, ҳатто тиланчиликка қўл очган эркакларни учратиш мумкинлиги маҳаллий матбуотнинг асосий мавзуларидан бирига айланган..

Ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг ташвишли даражада ортаётгани Суғд вилояти ижроия ҳокимиятида ҳам хавотирлик уйғотган.

Май ойи бошида ҳокимият раиси бошчилигида айни шу масала юзасидан ўтказилган махсус йиғилишда ўз жонига суиқасд олдини олиш ишларини кучайтириш чоралари кўрилди.

Лекин бу йиғилишдан сўнг ўтган ўн кун орасида яна ўнга яқин инсон ўзини ўлдиришга уринди.