"Жалолобод тўқнашувларига масъуллар қўлга олинади" - ҳукумат

Image caption Жума кунги тўқнашувларда икки киши ҳалок бўлган

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбарининг муовини Азимбек Бекназаров жума куни Жалолобод шаҳридаги тўқнашувларга масъул деб кўрилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилишини айтган.

Муваққат ҳукумат ва собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг тарафдорлари ўртасида юз берган тўқнашувларда икки киши ҳалок бўлган ва олтмишдан ортиғи яраланган. Ўшдаги мухбиримизга кўра, аслида ундан ҳам кўпроқ одамлар жароҳат олишган, бироқ касалхоналарга мурожаат қилишга қўрқиб, яширинганлар.

Жаноб Бекназаров кенг миқдордаги қуроллар ҳали ҳам одамлар қўлларида қолаётгани, ҳамда жаноб Бакиев тарафдорлари мунтазам кузатиб борилишини билдирди.

Мазкур тўқнашувлар жаноб Бакиев ўтган ой ҳокимиятдан сиқиб чиқарилганидан бери энг йирик ва энг қонлиси бўлди.

Бакиев уйлари ёнди

Жалолобод вилоят ҳокимияти муваққат ҳукумати тарафдорлари томонидан қайта қўлга олингач, бир гуруҳ ҳукумат тарафдорлари шаҳардан беш чақиримча масофада жойлашган Тейит қишлоғига йўл олишган.

Жаноб Бакиев ва яқин қариндошларининг уйлари деб билинган олтита иморатга ўт қўйилган.

Кўп кузатувчилар бу каби тартибсизликларга муваққат ҳукумат нима учун йўл қўйиб берганини савол остига олишмоқда.

Маҳаллий мухбиримизга кўра, мазкур тартибсизлик ҳали муваққат ҳукумат бутун мамлакат устидан тўла назоратни қўлга олмаганига ишорадир.

Бакиев уйларининг ёқилиши одамлар орасида эҳтиросларнинг қизиб кетиши натижасидир, дейди у.

Муваққат ҳукумат томонидан асосан "Ота Мекен" ва "Родина" (Ватан) партиялари тарафдорлари амал қилишган. "Родина" аъзоларининг 80 фоизи маҳаллий ўзбеклардир.

Вазият тинч

Шанба куни Жалолободда осойишталик ҳукм сурмоқда. Давлат идоралари қайта очилган, бозорлар ишга тушган, жума куни кўринмаган ҳуқуқ-тартибот ходимлари яна кўчаларни назорат қилишмоқда.

Бугун матбуот анжуманини ўтказган вилоят губернаторидан нима учун тўқнашувларда милиция ходимлари кўринмагани борасида сўралганда, милиция ходимлари фуқаролик кийимида амал қилганини билдирди.

Айни дамда "Олимжон Ботиров" номли университет ҳовлисида ўзбек жамоатчилиги йиғин ўтказди. Унда чиқиш қилган Жалолобод вилоят ўзбек миллий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров Жалолободнинг ўзбек аҳолиси муваққат ҳукумат томонида туриб қатъий амал қилганини айтди.

Унга кўра, ўзбек аҳоли Қирғизистон ҳаётида фаол иштирок этишда давом этади.