Ўзбекистон тожик вагонларининг ушлаб турилиши юзасидан тушунтириш берди

Image caption Ўзбекистон юклар транзитидаги муаммони темир йўл тармоғининг бандлиги билан изоҳлаган

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Тошкент Тожикистонга "транспорт қамали" жорий этгани ҳақидаги даъволарни рад этган.

Ташқи ишлар вазирлигининг "Жаҳон" ахборот агентлиги тарқатган хабарда Тожикистон юк вагонлари транзитининг кечикиши Ўзбекистон темир йўл инфратузилмасининг юклар билан хаддан ташқари бандлиги натижаси экани айтилади.

Баёнотда ўзбек томони Тожикистонни айни масалани сиёсийлаштиришга уринишда айблаган.

"Тожик томони ушбу масалани ҳар қанақасига сиёсийлаштириш ва уни икки томонлама мулоқот шаклидан чиқаришга уриниб келмоқда", - дейилади "Жаҳон" агентлиги хабарида.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги тожик вагонларининг ушлаб турилишидан Ўзбекистоннинг ўзи сезиларли иқтисодий зарар кўраётганини айтган.

Баёнотда айтилишича, темир йўл вагонларининг чегарада туриб қолишидан келадиган йўқотиш йилига 3.5 миллион долларни ташкил этади.

Ўзбек томонининг билдиришича, Тожикистон юк вагонларининг транзити уч йўналишда амалга оширилади.

Бу тожик темир йўлларининг Душанбе, Қўрғонтепа ва Сўғд йўналишларидир.

Ўзбекистон тарафига кўра, Душанбе ва Сўғд йўналишида муаммолар йўқ, аммо Қўрғонтепа йўналиши бўйича юк вагонларининг транзитини амалга оширишда муаммолар мавжуд.

"Бу юклар оқимининг бир неча баробар ортиши ва айни худудда темир йўл инфратузилмасининг юклар билан хаддан ташқари бандлиги билан боғлиқ", дейилади баёнотда.

Ўзбек томонининг айтишича, бу биринчи навбатда Афғонистонга ноҳарбий ва инсонпарварлик юкларини ўтказиш билан боғлиқ.

Баёнотда "Ўзбекистон Темир Йўллари" Давлат ҳиссадорлик концерни молиявий ва техник воситаларнинг етишмаётгани сабаб, Термиз-Амузанг темир йўл худудидаги таъмир ва қайта қуриш ишларини вақтида ниҳоясига етказиш имконига эга эмаслиги айтилган.

Бу эса Қўрғонтепа йўналиши бўйича юк вагонларининг ўтказилишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатаётгани урғуланади.

Ўзбек томонининг билдиришича, шу йил бошидан апрел ойи ўртасига қадар Тожикистонга 1081 та юк вагонлари ўтказилган.

Халқаро мудохала

Аввалроқ БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун Ўзбекистонни юк вагонларини вақтида ўтказишни таъминлашга чақирганди.

Жаноб Пан тожик вагонларининг чегарада ушланиб қолаётганини "қабул қилиб бўлмас" деб атаган.

Шу ой бошида Тожикистоннинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги вакили ташкилотни юк вагонлари атрофидаги вазиятга аралашишга ва Ўзбекистонга "чора кўриш"га чақирганди.

Тожик матбуоти юк вагонлари транзитидаги муаммоларни Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилиши борасида эгаллаган мавқеъйи билан боғлаган.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси бу даъволарни рад этган.

Ташқи ишлар вазирлигининг "Жаҳон" агентлиги тарқатган хабар шу йил март ойида юк вагонлари билан боғлиқ можаро бошланганидан буён расмий Тошкентнинг илк баёнотидир.

SMS рақамимиз: +447786201124