Қурманбек Бакиев: 'Қирғизистондаги воқеаларга аралашаётганим йўқ'

Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев
Image caption Жаноб Бакиев сўзларига кўра, Қирғизистон ичидаги яқинлари билан телефонда ҳам сўзлашаётгани йўқ

Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев мамлакати жанубида юз берган сўнгги тартибсизликларга алоқаси борлиги ҳақидаги хабарларни рад этган.

Бу ҳақда жаноб Бакиев Қирғизистондан чиқиб кетганидан кейин берган биринчи интервьюсида айтган.

Беларус пойтахтида Қурманбек Бакиев Россиянинг "РИА Новости" ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб қайтарган.

Россиялик журналистнинг ўзини қудратдан кеткизган ҳодисалар сабаби ҳақидаги саволига Қурманбек Бакиев, ҳокимиятни қуролли йўл билан қўлга киритиш истаги, деб жавоб берган.

Қирғизистон собиқ президенти сўзларига кўра, "инқилоб" юз бериши учун на иқтисодий, на сиёсий замин бўлган.

"2005 йилдан кейин мамлакатда иқтисодий ўсиш бўлди, кўп янги иншоотлар қурилди. Ҳам сиёсий ва ҳам иқтисодий жиҳатдан мағлубиятга учраган мухолифат олдида битта йўл қолганди - бу ҳокимиятни қуролли йўл билан қўлга киритиш ва улар шундай қилишди", деб айтган Қурманбек Бакиев.

Жаноб Бакиев айтишича, қурол-яроғ тўпланиб, олдиндан қонуний ҳокимиятни ағдаришга тайёргарлик кўрилган.

Журналистнинг намойишчиларга ўқ отиш ҳақидаги саволига жавобан, Қурманбек Бакиев, мени отиш буйруғини берганликда айблашда бирор бир асос йўқ, "буни юз фоиз ишонч билан айтаман", деб айтди.

Қурманбек Бакиев сўзларига кўра, у Қирғизистоннинг ичида юз бераётган воқеаларга бевосита ҳам, билвосита ҳам аралашаётгани йўқ.

"Боиси, мен Қирғизистонда фуқаролар уруши бошланиб кетмаслиги учун мамлакатдан чиқиб кетдим. Шунинг учун бугун ҳатто укаларим, ўғилларим билан телефонда сўзлашмаяпман", деди жаноб Бакиев.

Келажакдаги режалари ҳақида гапираркан, собиқ президент Бакиев Қирғизистонга қайтмоқчи эмаслигини, қайтиш билан мамлакатдаги аҳволни янада таранглаштиришни истамаслигини билдирган.

"РИА Новости" мухбири Қурманбек Бакиевдан ўғли Максим Бакиевни юқори давлат лавозимига тайинлагани, ўзининг вориси қилиб қўйиб кетиш истагида бўлгани ҳақидаги айбловлар ҳақида сўраган.

Жаноб Бакиевнинг айтишича, бу айбловлар асоссиз.

Давлат маблағларини, Қирғизистонга келаётган сармоялар ўғирланиб кетаётганининг олдини олиш мақсадида у ўғлини сармоялар бўйича агентлик раҳбари этиб тайинлаган, аммо ўғли Максим Бакиевни ўзининг вориси қилиш ҳақида гап бормаган.

"Оила даврасида, қариндошларимиз орасида Максим менинг ворисим бўлиши ҳақида гап бўлмаган. Битта оддий сабаб туфайли - у қирғиз тилини билмайди", деб айтган Қурманбек Бакиев.

Жаноб Бакиев Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Қирғизистондаги ҳодисаларга суст муносабат билдирганидан норозилик изҳор этган, ОДКБнинг тинчликни таъминлаш кучларини киритиши керак эди, қўшни мамлакатлар қатъиятлироқ чора кўришлари лозим эди, деб айтган.

Ўзининг келажакдаги режалари ҳақида гапираркан, Қурманбек Бакиев, мен Беларусда яшамоқчиман, Беларус халқига, Беларус президентига фойдам тегишини истайман, деб айтган.

SMS рақамимиз: +447786201124