Россия АҚШга тақдим этган наркобаронлар рўйхатида марказий осиёликлар бор

Россияда мусодара қилинган ноқонуний гиёҳванд моддалар
Image caption Россияга ноқонуний гиёҳванд моддалар Марказий Осиё республикалари ҳудуди орқали етказилади

Россиянинг гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича идораси АҚШдаги наркотикларни назорат қилиш департаментига Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатларида яшайдиган тўққиз кўзга кўринган наркобарон рўйхатини тақдим этган.

Бу ҳақда Россия Гиёҳванд моддалар айланишини назорат қилиш бўйича Федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов маълум қилган.

Москвадаги матбуот анжуманида жаноб Ивановнинг айтишича, тўққиз шахс ҳақидаги маълумот АҚШ Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича Миллий департаменти раҳбари Жил Керликовскига топширилган.

Виктор Иванов Жил Керликовскига рўйхат Москва аэропортида, жаноб Керликовски Стокхолмга бораётиб қўниб ўтган пайтида топширилганини айтган.

Россия Гиёҳванд моддалар айланишини назорат қилиш бўйича Федерал хизмати раҳбари журналистларга марказий осиёлик йирик наркотик моддалар савдоси билан шуғулланадиган бу тўққиз шахс исми-шарифини ошкор этмаган, бироқ жаноб Иванов сўзларига кўра, бундан олдин Америка томонига 25 шахс ҳақида маълумот тақдим этилган.

Ушбу маълумот алмашиш икки томонлама Россия-АҚШ президентлари комиссияси доирасида амалга оширилгани билдирилган.

Россия наркотиклар назорати бўйича идораси раҳбари Виктор Иванов ўзининг америкалик ҳамкасби тўртинчи марта учрашганини маълум қилган.

Жаноб Ивановга кўра, АҚШ томонига Афғонистон ҳудудида жойлашган 175 та лаборатория ҳақидаги маълумот ҳам тақдим этилган.

Россия наркотиклар назорати бўйича идораси раҳбари Виктор Иванов маълумотига кўра, Россия ҳозир жон бошига афюн қабул қилиш миқдори бўйича биринчи ўринни эгаллайди, мамлакатда ҳар йили 35 тонна героин қабул қилинади.

"Россия билан Америка Қўшма Штатлари ноқонуний гиёҳванд моддаларга қарши курашда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганларига қарамасдан, Афғонистондаги НАТО коалицияси кучлари афюн ишлаб чиқаришини тўхтатишга қодир бўлмаяпти", деб айтган Виктор Иванов.

Россия расмийларига кўра, ҳозир бутун дунёда етиштирилаётган героиннинг 95 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келади.

Агар жаҳондаги барча ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси 65 миллиард АҚШ долларига баҳоланса, унинг бешдан бир қисми Россияга тўғри келади, деб айтган Гиёҳванд моддалар айланишини назорат қилиш бўйича Федерал хизмати раҳбари.

Афғонистонда етиштирилган ноқонуний гиёҳванд моддаларнинг шимолий транзит йўли Марказий Осиё республикалари ҳудуди орқали Россияга, Россиядан сўнг Оврўпога ўтади.