Тожикистон: 'Ўзбекистон НАТО кучлари учун юкларни ҳам ўтказмаяпти'

Image caption Тожикистон музозимлари Ўзбекистон НАТО кучлари учун мўлжалланган юкларни ҳам ўтказмаётгналигини даъво қилмоқдалар

Тожикистон Темир йул хизмати мулозимлари Ўзбекистонни НАТОнинг Афғонистондаги амалиётлари учун мўлжалланган юзлаб юк вагонларини қасддан ушлаб турганликда айблашган.

Расмийларга кўра, ўзбек расмйилари 300 дан ортиқ ёқилғи ва қурилиш материаллари ортилган вагонларнинг Тожикистонга ўтказилишига қаршилик қилмокда.

Тожик томони бу борада Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқини хабардор қилганини айтган.

Аввалроқ Ўзбекистон юк вагонларининг ушланиб қолаетганини ўзбек темир йул тизимининг ҳаддан ташқари бандлиги билан изоҳлаган ва Тожикистонни масалани сиёсийлаштиришда айблаганди.

Би-би-сининг Душанбедаги мухбирига кўра, Тожикистон мулозимининг бу баёнотидан темир йўл орқали юкларни етказиш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида пайдо бўлган инқироз бугун янги даражага кўтарилгани англашилади.

Тожикистон минтақадаги бошқа давлатлар сингари Қўшма Штатлар билан ноҳарбий юкларни ўз ҳудудидан Афғонистонга ўтказиб туриш ҳақида битим измолаган.

Тожикистон тарафининг даъво қилишича, Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали аввал Тожикистонга ва сўнгра у ердан Афғонистон шимолига бориши керак бўлган ушбу юкларни атайлаб ўтказмай турибди.

Тожикистон Темир Йўллари расмийси ушбу баёнот бўйича АҚШ ва ё Оврўпо Иттифоқи томонидан ҳозирча биронта муносабат билдирилмаганлигини айтган.

Расмийнинг айтишича, вагонларнинг ўтмаётгани ҳисобга олинса на Америкаликлар ва на Оврўпо расмийлари бу масалани еча олишмаган.

Авваллари ҳам Ўзбекистон Тожикистонга ёқилғи-мойлаш материаллари ва асосан қуролиш моллари бўлган юкларни ўтказмаётганди.

Мухбимизга кўра, Тожикистон расмийлари сўзларига ишонадиган бўлсак, энди Афғонистондаги НАТО кучларига мўлжалланган юклар ҳам ўтказилмаяпти.

Ўзбекистон Тожикистонга вагонларнинг ўтмаётганини темир йўлларнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга мўлжалланган ноҳарбий юклар билан бандлиги билан изоҳлаганди. Аммо Тожикистон расмийлари бу изоҳларга ишонишмаган.

Улар шунингдек Термездан Тожикистоннинг Хатлон вилоятига борувчи темир йўлнинг бузилгани ҳақидаги Ўзбекистон Темир Йўллари изоҳларига ҳам ишонишмайди. Уларнинг таъкидлашича, йўловчи поездлар ушбу йўналишдан ҳеч қандай муаммоларсиз ўтишмоқда ва йўл ҳолатига эътибор қаратилса, ундан юкларни ўтказиш муаммо туғдирмайди.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги ўз баёнотида Тожикистон томонини темир йўлнинг бу йўналишини бошқа йўналишга алмаштириш ҳақидаги таклиф билан чиққан.

Аммо тожик тарафининг баён қилишича, улар Хатлон вилоятига мўлжалланган юкларни Душанбе йўналишида қабул қила олмайдилар.

Душанбе расмийларининг айтишича, юкларни Душанбега олиб келиш ва сўнгра Хатлон вилоятига юбориш техник жиҳатдан имконсиз ва жуда қимматга тушади.

Бундан ташқари Душанбе расмийларининг даъво қилишича, Хатлон йўналишидан ташқари Душанбе йўналишида ҳам 1200 дан ортиқ вагон Ўзбекистон томонидан ушлаб турилибди.

SMS рақамимиз: +447786201124