Тожикистон:'полиомиелит билан боғлиқ вазият барқарорлашмоқда '

Image caption Тожикистонга кўшни давлатларда ҳам полиомиелитга қарши қўшимча эмлаш бошланган

Тожикистон соғлиқ мулозимлари мамлакатда полиомиелит тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг барқарорлашганини айтишган.

Тожикистоннинг бош санитар врачи Аъзамжон Мухторов сўнгги 3-4 кун ичида полиомиелит холларининг камайиши қайд этилганини маълум қилган.

"Азия-плюс" хабар агентлиги мулозимнинг охирги кунларда шифохоналарга бор-йўғи 3 кишининг айни хасталикда гумон этилиб, қабул қилингани ҳақидаги сўзларини келтиради.

"Аввалроқ кунига 6-7 киши ушбу хасталикда гумон қилинаётган эди", деб айтган жаноб Мирзоев.

Расмийларга кўра, полиомиелитга қарши оммавий эмлаш тадбирлари давом эттирилмоқда.

Эмлаш воситаларининг навбатдаги қисми Франсадан келтирилади.

Болалар билан бирга, 16 ёшдан кичик ўсмирларни ҳам эмлаш чоралари кўрилаётир.

Расмий рақамларга кўра, Тожикистонда ҳозирга қадар 139 та полиомиелит холати аниқланган ва яна 470 киши айни хасталикни юқтирганликда гумон қилиниб, текширувдан ўтказилмоқда.

Полиомиелитга чалинганларнинг аксарияти 6 ёшдан пастда, аммо улар орасида ўсмирлар ва бир 40 дан ошган киши ҳам бор.

Айни пайтда Россия соғлиқ мулозимлари Тожикистонда полиомиелитга чалиниш ҳоллари расмий рақамлардагидан кўп эканини айтишмоқда.

Интерфакс хабар агентлиги Россия бош санитар врачи Геннадий Онишченконинг Тожикистонда 539 кишининг хасталикка чалингани ҳақидаги сўзларини келтиради.

Россияда Тожикистондан келаётган учоқ ва поездларни санитар назоратдан ўтказиш тартиби жорий этилган.

Расмийларга кўра, ҳозирга қадар Россияда Тожикистондан келтирилган 2 та полиомиелит ҳолати қайд этилган.

Энг сўнгги ҳолат Петербургда, Тожикистонга сафардан қайтган қизалоқда аниқланган.

Россия 6 ёшдан кичик бўлган тожикистонлик болаларнинг мамлакатга киришига таъқиқ қўйган.

Шунингдек, Тожикистондан қуруқ мевалар импорти ман этилган.

Жаноб Онишченко тожик ҳукумати 6 ёшдан кичик болаларнинг Россияга сафар қилишига жорий этилган таъқиққа риоя этмагани тақдирда, чора кўришлари ҳақида огоҳлантирган.

Тожикистонга қўшни давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам полиомилетга қарши қўшимча эмлаш тадбирларини бошлаган.

Ўзбекистон полиомиелитга қарши чоралар доирасида Тожикистон билан чегарада тартибни кучайтирган.

Ўзбек расмийлари мамлакатда полиомиелитга чалиниш ҳолларининг қайд этилгани ҳақидаги хабарларни рад этишган.

SMS рақамимиз: +447786201124