Афғонистонда ҳалок бўлган тожик учувчилари дафн этилди

Image caption Хусусий "Помир Ҳаво йўллари"га тегишли учоқ Ҳиндикуш тоғларида ҳалокатга учраган

Тожикистонда Афғонистонда юз берган учоқ ҳалокатида қурбон бўлган тожикистонлик учувчиларни дафн этиш маросими ўтказилган.

Учувчиларни сўнгги йўлга кузатиш маросимида Афғонистоннинг "Помир" авиаширкатидан келган вакиллар ҳам иштирок этишган.

Мазкур ширкатга қарашли Ан-24 учоғи бундан икки ҳафта илгари денгиз сатҳидан деярли 4 минг баландликдаги Ҳиндикуш тоғларида ҳалокатга учраганди.

Бу фалокат натижасида учоқ экипажи дохил 44 киши ҳалок бўлган.

Тожикистонлик учувчилар Хўжанд авиаотярдида ишлашган.

Мазкур муассаса расмийларига кўра, учувчилар ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқиб, Афғонистонга ишлаш учун кетишган.

Лекин авиамуассаса ходимларининг айтишларича, тожикистонлик учувчилар чет элда тўланадиган иш ҳақи камида уч-тўрт баробар кўп бўлгани учун шартнома асосида ишга кетишади.

Хўжандлик учувчилар улар яшаган Чкалов, Ғафуров шаҳарларида ва Мастчоҳ туманида дафн этилган.

Марҳумларнинг манзилларида олдиндан маҳкамлаб юборилган тобутларни очишга қўйишмаган.

Кема командири 55 ёшли Александр Демиров нафақага чиқиш арафасида бўлган. Борт механиги Гулмаҳмад Қурбонов нафақада бўлишига қарамай, ишлашда давом этган. Борт муҳандиси 30 ёшли Бахтиёр Кенжаев эса энг малакали мутахассислардан ҳисобланган. У Афғонистондан илгари Африка ва Осиёнинг қатор мамлакатларида шартнома бўйича ишлаган.

Бу гал ҳам тожикистонлик учувчилар ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқиб, Афғонистонга шартнома юзасидан ишлашга кетишган эди.

Афғонистондаги "Помир" авиаширкатидан келган вакиллардан бири Бахтиёр Кенжаевнинг жаноза маросимида сўзлар экан, унинг касбий малакаси олий даражада бўлгани, инсоний фазилатлари жамоа орасида ҳурмат қозонганини таъкидлади.

Хўжанд авиамуассасаси матбуот котиби Олимжон Жумаевнинг айтишича, ҳар учала учувчи ҳам катта тажрибага эга , ўз ишининг усталари бўлишган.

У авиамуассаса раҳбарияти томонидан марҳум учувчилар оила-ларига мунтазам равишда моддий кўмак кўрсатиб боришга қарор қилинганини урғулаб ўтди.

Йўловчи ташийдиган Ан-24 учоғи бундан икки ҳафта илгари Афғонистондаги Ҳиндикуш тоғларида ҳалокатга учраганди.

У мамлакатнинг шимолий Қундуз шаҳридан Қобулга учиб бораётган бўлган.

Тоғли шароит, қалин туман ва қор боис беш кунгача фалокатга учраган учоқ топилмаган.

SMS рақамимиз: +447786201124