Каспий нефтини ўзлаштириш ва атроф муҳит хавотирлари

Чироқ
Image caption Чироқ нефт майдонида БП иш олиб боради

Мексика Кўрфазида юз берган ҳалокат Каспий Денгизидан нефт чиқариш амалиётларини яна бир марта савол остига қўйди.

Дунёнинг энг йирк нефть ишлаб чиқарувчи ширкатларидан бири Бритиш Петролиум (БП) Озарбайжондаги нефть ишлаб чиқариш лойиҳаларида 1997 йилдан буён фаол иштирок этиб келади ва Каспий денгизидаги тозаланмаган нефтни Туркия орқали Оврўпо бозорларига олиб чиқувчи Боку-Тбилиси-Жайхон экспорт қувурини назорат этади.

Озарбайжондаги нодавлат ташкилотлар Каспий денгизида БП томонидан олиб борилаётган амалиётларнинг атроф-муҳитга таъсири юзасидан ширкатни узоқ пайтлардан буён танқид қилиб келишади.

Баъзи нодавлат ташкилотларнинг даъво қилишича, АҚШ қирғоқларидаги сингари ҳалокат Каспий Денгизида ҳам юз бериши мумкин, зеро БП денгиз остидан нефтни тортиб олишда дунё бўйлаб бир хил технологиядан фойдаланади.

Озарбайжон Яшил Партиясининг лидери Фарида Ҳусейнова БПни нефтни ер остидан чиқариб олишда газдан фойдаланишда қоралайди.

Унинг айтишича, бундай услубни "қабул қилиб бўлмайди... У денгиз экологиясига зарар етказади, денгиздаги ҳайвонот ва наботот дунёсини хавф остига қўяди".

Ҳалокатдан олинган сабоқлар

Совет даврида нефт қандай ишлаб чиқилгани Бокунинг шундоққина жанубида яққол кўзга ташланиб туради

Бокудаги БП сўзчиси Тамам Баятлининг Би-би-си Озарий хизматига айтишича, БПнинг Каспий Денгизидаги амалиётларида энг асосий эътибор атроф-муҳим муҳофазасига қаратилади.

"Аввал Мексика Кўрфазида сув остидан нефтнинг сирқиб чиқиши юзасидан текширув натижалари аниқ бўлсин, ана ундан кейин "биз мазкур ҳодисадан зарурий сабоқларни чиқариб, бундай ҳалокатларнинг келажакда юз бермаслигини таъминлаймиз," дейди Тамам Баятли.

Бокулик энергия масалалари бўйича мутахассис Илҳом Шаъбонга кўра, БПнинг Каспий қирғоқларидаги амалиётларини Мексика Кўрфази денгиз тубида олиб борилган амалиётлари билан таққослаш нотўғридир.

Унинг айтишича, Озарбайжондаги денгиз сатҳида олиб борилаётган ишлар денгиз тубида олиб бориладиган амалиётлардан анча хавфсиздир.

Аммо Ҳусейнова хонимнинг таъкидлашича, "Битимлар қисқа муддатли бўлгани учун нефт ширкатлари қисқа муддат ичида кўпроқ нефтни чиқариб олишни исташади. Шунинг учун улар қувурларда босимни кучайтириш учун газдан фойдаланишади".

Унинг айтишича, босимни кучайтириш хавфли ва газдан ҳаддан зиёд фойдаланилгани учун 2008 йил кузида ҳалокат юз беришига бир баҳия қолган.

"Газ сизиб чиқа бошлаган ва ишчилар газ ҳидини сеза бошлашганини айтишган. Ҳалокат юз беришига бир баҳия қолган."

Ўшанда нефт ишчилари эвакуация қилинган ва БП иккита озарий нефт ҳавзасида амалиётларини бир неча ойга тўхтатган эди.

Қўшимча текширув

Баятли хонимнинг таъкидлашича, Каспий Денгизида БПнинг атроф-муҳитга оид чора-тадбирлари саноатдаги "энг аниқ"ларидан бири ҳисобланади.

"БП ва унинг Каспий Денгизидаги шериклари энг замонавий технологиялардан фойдаланиишаяпти," дейди Тамам Баятли.

Мексика Кўрфазида нефтнинг сизиб чиқиши ортидан Озарбайжон Нефть ва Газ Компанияси (Сокар) Озарбайжондаги хорижий нефт ва газ ширкатлари томонидан юритилувчи денгиз бўйи платформаларида қўшимча текширувлар ўтказишга буйруқ берди.

"Биз бу ширкатлардан хавфсизлик тартибларига риоя этишни сўрадик," дейди Сокар президенти Ровнақ Абдуллаев. Унинг илова қилишича, денгиз бўйи амалиётларини юргазишда экологик ва техник талаблар кучайтирилган.

Атроф-муҳит ҳимоячиларининг айтишича, нефтнинг буғланиши аллақачон Каспий Денгиз экологиясига зарар етказган.

Миллий Экологик Марказ нодавлат ташкилотининг бошлиғи Телман Зейналов нефт буғланиши туфайли қимматбаҳо қора икра берувчи Каспий бакрабалиқлари йўқолиб бораётганини айтади.

Унга кўра, БП битими у олиб бораётган амалиётлар назоратини чеклайди ва нодавлат ташкилотларга аниқ маълумотларни олиш имконини бермайди.

Кавказ Минтақаси табиатига оид БМТнинг 2002 йилда нашр этган ҳисоботига кўра, нефтнинг буғланиши Каспий денгизида бакрабалиқларнинг ҳаракатланиш йўлларига таъсир кўрсатган.

Орол Денгизи ҳалокати

Орол Денгизининг баҳсли ҳуқуқий мақоми ҳам атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир.

Ушбу муаммо Совет Иттифоқи парчалангач янада чигаллашди. Каспий заҳираларидан фойдаланиш учун бирваракайига бешта мамлакат - Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Россия ва Туркманистон - даъвогарлик қила бошлади.

Каспийни денгизми ёки кўлми дея аташ масаласида ҳам бир ечимга келинмаган. Айни шу масала сув ҳудудидан фойдаланишда тарафларнинг турлича мавқени эгаллашига сабаб бўлган.

Баҳсли денгиз ҳудудида бирор ҳалокат юз бергудек бўлса, ширкат ваё давлат учун масъулиятдан қочиш осонроқ бўлади.

Орол Денгизининг фожеаси - иқтисодий ривожланишни ўйлаб, табиат муҳофазасини унутиш оқибатлари нимага етаклаши мумкинлигига ёрқин бир мисол.

Пахта майдонларини суғоришда сувдан нооқилона фойдаланиш Орол Денгизининг 70% суви қуриб битди.