"Тожикистонда икки "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" аъзоси ўлдирилди"

Image caption Тожикистонда Исломий Ҳаракат аъзоларига қарши амалиётлар тезҳтез рўй бериб туради.

Тожикистон Ички Ишлар Вазирлигига кўра, пойхтахт Душанбе яқинида ўтказилган амалиётда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоси экани гумон қилинган икки шахс ҳалок этилган.

Хабарга кўра, айни амалиётда Ички Ишлар вазирлигининг бир ходими ҳам ҳалок бўлган, бир оддий фуқаро яраланган.

Икки кун муқаддам мазкур қуролли шахсларнинг милиция назорат нуқтасига ҳужум қилгани айтилади.

Бундан икки кун илгари Душанбе-Хўжанд автомобил йўлининг Майхўра ҳудудида милиция мулозимлари шубҳали кўринган «Опель-Вектра» енгил машинасини тўхтатишади. Машинда гиёҳванд моддалар борлиги гумон этилади.

Текшириш асносида машина йўловчилари қаршилик кўрсатиб, қуролдан ўт очишади. Бир милиция мулозими отилган ўкдан яраланади.

Машиндаги йўловчилар эса тоғ томон қочиб қолишади.

Ҳайдовчи йўловчиларнинг кимликларидан хабарсиз эканлигини айтади.

Машина ичидан портлатувчи моддалар ва овозсиз отувчи "Валтер" тўппончаси топилади.

Шундан сўнг шубҳали шахслар яширинган жой аниқланиб, уларни қўлга олиш амалиёти ўтказилади.

Тожикистон Ички Ишлар Вазирлигидан билдиришларича, қуролли отишма натижасида яшириниб ётган икки киши ва амалиётда иштирок этган бир нафар милиция мулозими ҳалок бўлади.

Дастлабки суриштирув тахминича, ҳалок бўлган икки киши Ўзбекистон ё Туркистон Исломий Ҳаракатига мансуб бўлганлар, дея кўрилмоқда.

Лекин уларнинг шахсияти ҳақида бирон-бир маълумот берилмаётир.

Ўтган йили Тожикистонда 20 нафарга яқин киши Туркистон Исломий Ҳаракатига мансубликда гумон қилиниб, қўлга олинган.

Ҳозирда бу ҳаракат мансублари сифатида кўрилаётган 40 дан ортиқ киши қидирувда бўлиб, улар ҳақида маълумотлар ва расмлари маҳаллий телевидениелардан бирида кўрсатилган.

Бу маълумотлар Исфарада бўлиб ўтган отишмадан сўнг омма эътиборига таклиф этилган.

Мазкур отишмада Исфара четидаги маҳаллалардан бирида яшириниб олган ва Туркистон Исломий Ҳаракатига мансуб дея гумон этилган тўрт киши ҳалок бўлганди.

Ушбу отишмадан сўнг Исфарада Туркистон Исломий Ҳаракатига мансуб ё уларга кўмаклашган, дея гумон қилинган кишиларни аниқлаш ва қамоққа олиш бошланганди. Қамоққа олинганлар орасида икки аёл ва бир нафар мактаб ёшидаги ўсмир ҳам бор эди.

Ушбу амалиётлар манзарасида оддий аҳоли Туркистон Исломий Ҳаракатига мансубларни қидириб, қўлга олиш жараёнида бу ҳаракатга асло алоқаси бўлмаган кишиларнинг ноҳақ жабрланиб қолишларидан хавотирлик билдириб келмоқда.

Ўтган йили Тожикистонда 20 нафарга яқин киши Туркистон Исломий Ҳаракатига аъзоликда айблар билан қўлга олинган.

SMS рақамимиз: +44778620112