Қирғизистонлик юк ташувчилар хитойлик ҳамкасблари рақобатидан норози

Image caption Қирғиз-хитой чегарасида эркин савдо қоидалари амал қилади

Ўш яқинида, Хитой йўналишидаги Ўш-Эргаштом автойўли чеккасида маҳаллий ҳайдовчилар норозилик чиқиши ўтказаётир.

Бир неча юз юк ташувчи ўз уловларини йул четига қўйиб, хитойлик ҳамкасблар «босимига чек қўйишни» талаб қилмоқда.

Намойишчиларга кўра, кўзда тутилган чекловларга қарамай, қўшни Хитойдан Ўш вилояти ҳудудига йилига 30-32 минг 30-40 тонналик юк машиналари кириб келади.

Бу ҳол нафақат маҳаллий автойўллар холати, балки қирғизистонлик юк ташувчилар даромадига путур етказади.

Қирғиз Республикаси юк ташувчилар ассоциацияси раҳбарларидан бири Мирзамат Чингараев ахборотича, ўлкада ажнабий транспорт фирмалари фаоллиги оқибатида беш-олти минг маҳаллий ҳайдовчи ишсиз қолмоқда.

"Хитойлик юк ташувчилар Қирғизистонга бемалол кириб келаётган бир пайтда, бизнинг ҳайдовчилар турли сабабларга кўра, у томон бозорига бош суқа олмаётир", -дейди у.

Рақобат

Хитой Халқ Республикасининг "биқинида" жойлашган Қирғизистон ушбу мамлакатда ишлаб чиқариладиган турли-туман моллар бозорига айланган.

Қолаверса, Хитой товарлари Қирғизистон ҳудуди орқали учинчи мамлакатлар, айтайлик, Тожикистон ва Ўзбекистонга ҳам ташилади. Кейинги йилларда савдо аҳли кўп юк кўтаришга мосланган ва хизмати нисбатан арзон хитой уловларини маъқул кўра бошлаган.

Рақобатга дош бермаган маҳаллий ҳайдовчилар ҳукуматдан маъмурий ёрдам сўрашга киришган.

Айни пайтда ҳар икки мамлакат Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо булиб, моллар эркин ҳаракатини таъминлаш, савдо-сотиқ йўлида тўсиқ қўймаслик мажбуриятини олган.

Ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жанубий қирғизистонлик ҳайдовчилар тўрт йил муқаддам "Айдоочу" деб номланган жамоатчилик уюшмаси тузган.

Бир неча бор ўз талаблари билан давлат идораларига мурожаат қилган.

Назорат тизимлари мамлакат йўллари аҳволини ҳисобга олган ҳолда хориж юк ташувчи уловлари учун ҳажм ва сон жиҳатдан маълум чекловлар киритган.

Вилоят давлат маъмурияти буюртмачиларга маҳаллий юк ташувчилар хизмат ҳақини бироз кўтаришни тавсия этган эди.

Халқаро мажбуриятлар ундан нарига ўтишга имкон бермаган.

Намойишчиларга кўра, юқорида зикр қилинган чеклов ва расмий тавсияларга ҳеч ким амал қилмаган.

Бу сафар хам жанубий қирғизистонлик ҳайдовчилар кириб келаётган хитой уловлари сони ва оғирлиги устидан назорат ўрнатишни таклиф қилмоқда.

Шунингдек, Тожикистондан Ўш вилояти орқали Афғонистонга ташилаётган юкларнинг ярми учун қирғизистонлик юк ташувчиларни ёллаш талаб этилаётир.

"Бир ой муқаддам ўтказилган норозилик акциямиз пайтида биз билан учрашган муваққат ҳукумат вакили Азимбек Бекназаров 1 июнга қадар қўйилган масалалар ечилишини айтган эди, аммо жавоб келмади", -дейди Мирзамат Чингараев.

Ҳайдовчилар Қирғизистоннинг янги Конституцияси юзасидан ўтказиладиган референдум кунигача, яъни яна уч ҳафта кутишларини, сўнг жиддий чоралар кўра бошлашини эълон қилган.