Лужков: Москвадаги жиноятларнинг ярмини муҳожирлар содир этаяпти

Москва шаҳри ҳокими Юрий Лужков
Image caption Юрий Лужков ўзининг аксилмуҳожир баёнотлари билан сиёсатчилардан

Москва шаҳри ҳокими Юрий Лужков Россия пойтахтида меҳнат муҳожирлари содир этаётган жиноятлар сони кескин ошмоқда деган баёнот билан чиққан.

Юрий Лужков ҳисоб-китоби бўйича Москвада содир этилган жиноятларнинг 50 фоизини меҳнат муҳожирлари содир этишади.

Шу боис Москва ҳокими пойтахтда муҳожирлар сонини янада камайтиришга чақирган.

Ўз навбатда Россия Федерал миграция хизмати Москва ҳокими даъволарини рад этади.

Ушбу идора маълумоти бўйича мигрантлар содир этган жиноятлар кўлами, Москва ҳокими айтаётган рақамлардан бир неча баравар кам.

Москва ҳокими Юрий Лужков аксилмуҳожир баёнотлари билан ном чиқарган энг таниқли сиёсатчилардан.

Сўнгги йилларда жаноб Лужков муҳожирлар Москвада жиноятчиликни кўпайтирмоқда деган баёнотни мунтазам такрорлаб келади.

Ўтган йилнинг ёзидаги чиқишида Москвадаги жиноятларнинг 40 фоизини муҳожирлар содир этишади деб айтган бўлса, шу кунлардаги нутқида бу рақам 50 фоизни ташкил этгани ҳақида айтди Юрий Лужков.

Ўз навбатда ушбу мавзуда Россия муҳожирлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги эълон қилган рақамлар Москва ҳокими сўзларини рад этади.

Image caption Россиядаги меҳнат муҳожирларининг сони аниқ эмас

Россия Ички ишлар вазирлиги чоп этган охирги маълумот бўйича жорий йилнинг январидан то апрел ойига қадар Москвада жами қарийб 64 669 жиноят содир этилган.

Бутун Россия бўйлаб эса хорижийлар 18 800 та жиноятга қўл урганлари айтилади.

Айни вақтда Россия Федерал Миграция хизмати раҳбари Костантин Ромадоновский ўз чиқишларининг бирида муҳожирлар содир этган жиноятлар бутун мамлакат бўйлаб 4 фоиздан ошмаслигини таъкидлаган.

"Муҳожирлар кўп жиноят содир этишмайди. Бу ерга улар ишлаш, оиласини боқиш учун келишади. Афсуски, аксар ҳолларда, хорижийлар содир этмаган, улар қодир бўлмаган жиноятларни муҳожирларга тўнкашади", деб айтган Костантин Ромадоновский.

Яқинда Москва ҳокими Юрий Лужков пойтахтда ишлаётган муҳожирлар ўрнига яқин вилоятларда яшаётган россияликларни жалб этиш ташаббуси билан чиқди.

Ушбу тадбир, расмийларга кўра, Москвада ишлаётган меҳнат муҳожирлари сонини камайтиришга қаратилган.

Россия муҳожирлар ташкилотлари анжумани раҳбари Лидия Графованинг фикрича, Москва расмийларининг муҳожирлар сонини камайтириш ва уларни "олабўжи" қилиб кўрсатишлари ортида йирик бизнес эгалари манфаати туради.

"Мухожирлар пойтахтда кўп жиноят содир этишади деган баёнотлар умуман ҳақиқатдан йироқ. Бундай аксилмуҳожир сиёсат ортида Москвадаги йирик бизнес эгалари турипти. Мигрантларнинг ноқонуний юришидан қурилиш, транспорт каби соҳалардаги айрим йирик тужжорлар манфаатдорлар. Чунки Россияда ноқонуний муҳожир бирор ҳақ-ҳуқуқга эга эмас. Уларни қул сингари ишлатиш йирик бизнес эгаларига қўл келади", дейди Лидия Графова.

Федерал Муҳожирлик хизматига кўра, Россиядаги ноқонуний меҳнат муҳожирлар сони тахминан 12 миллиондан ортиқ.