Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ҳар қандай чорага қўл уриши мумкин

Қирғизистон
Image caption КХШТ Қирғизистон жанубидаги вазиятни муҳокама этмоқда

КХШТ Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Қирғизистондаги этник зўравонликларга барҳам бериш учун ташкилот ҳар қандай чорага қўл уриши мумкинлигини айтган.

Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус, Арманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўтган йили коллектив тезкор кучларни ташкил этишга келишиб олишган ва уларнинг аксарияти россиялик десант кучларидан иборат.

КХШТ Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғинида иштирок этган жаноб Патрушев айнан ҳарбийлар юборилиши масаласини тўғридан-тўғри тилга олмаган.

Бироқ ташкилот имкониятидаги ҳар қандай чорани қўллаш эҳтимолини назардан соқит этмаган.

Россиянинг юқори мартабали сиёсатчиси Би-би-сига Қирғизистондаги этник зўравонликларга барҳам бериш учун у ерга қўшин юборишга мажбур бўлиши мумкинлигини айтган.

Россия парламенти депутати Сергей Марков Москва имкон қадар бунга бормасликка ҳаракат қилишини ҳам қўшимча қилган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти жиддий жанглар кечаётган аъзо давлатга тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга.

Россия бир ўзи қўшин юборишни истамаяпти, аммо бир неча давлат аскарларидан иборат тинчликпарвар кучларга қўшилиши масаласини кўриб чиқиши мумкин.

Россия ҳукуматига яқин парламент аъзоси Сергей Марковга кўра, бу ҳақдаги қарор келаётган йигирма тўрт соат ичида қабул қилиниши мумкин.

Унинг айтишича, агар вазиятга мудоҳала қилиш ҳақида келишув бўлгани тақдирда, Россия ва Қозоғистон сингари давлатлардан қўшинлар тезлик билан жойлаштирилиши мумкин.

Аммо у Россия бунга бормаслик учун қўлидан келган барча ҳаракатни қилишини айтди.

Жаноб Марковга кўра, ҳозирда кўп нарса қирғиз ҳукуматининг ўзи зўравонликларни тўхтатиб қола оладими, йўқми, шунга боғлиқ.

Бироқ бу борадаги ҳар қандай амал Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан бамаслаҳат амалга оширилади.

Қирғизистон ҳукумати ҳозирнинг ўзида Москвага икки марта қўшин юборишини сўраб, мурожаат қилди.

Аммо расмий Москва ўша куннинг ўзидаёқ Қирғизистонга фавқулодда ҳарбий ёрдам кўрсатолмаслиги, аммо катта миқдорда инсонпарварлик ёрдами беришини айтиб, расмий Бишкекка рад жавобини берганди.

Бироқ аксарият таҳлилчилар Коллектив Хавфсизлик Шарномаси Ташкилоти доирасидаги масъулияти ва Марказий Осиёдаги стратегик манфаатларидан келиб чиқиб, Россия расмий Бишкекнинг сўровини буткул рад этмаслиги мумкинлигини айтишганди.

Куни-кеча Тошкентда якун топган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитининг якуний декларациясида ҳам аъзо давлатлар Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш йўлида ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканликларини баён қилишганди.

Россия президенти ташкилот вазиятни кузатиш учун Қирғизистонга махсус кузатувчилар гуруҳини юборишини ҳам билдирганди.

Бугун Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги Бирлашган Миллатлар ваколатхонаси қаршисида норозилик намойишига чиққан маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам мамлакатга тинчликни сақлаш кучларини сафарбар этишни сўрашган.

Улар "Қирғизистонга сизнинг ёрдамингиз керак," "БМТ тинчликни сақлаш кучларининг юборилишини сўраймиз," деган шиорларни кўтариб олишган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари бу хусусдаги махсус мурожаатларини БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга ҳам йўллашган.

Халқаро ташкилот вакили уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга ваъда берган.

Бугун Швециядаги ўзбеклар ва Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоцияцияси ҳамкорлигида Стокгольмда ўтказилган норозилик акцияси иштирокчилари ҳам Ўш ва Жалол-Ободда ўзбекларни қирғин қилишни дарҳол тўхтатишни талаб этишган.

АҚШ, РОссия ва БМТ Қирғизистонда зўравонликлар кучайиб бораётганидан ўз хавотирларини изҳор этиб, қочқинларга ёрдам бериш масаласини муҳокама этишган.

Бугун Ўшга Россиянинг инсонпарварлик ёрдамлари юкланган учоқларининг етиб бориши кутилмоқда.

Ўшда қамалиб қолган ўзбеклар ҳам Би-би-си билан суҳбатда вазият халқаро тинчликни сақлаш кучлари юборилиши даражасида эканини айтишган.