Қирғизистон собиқ президентининг ўғли Англияда ҳибсга олинган

Интерполнинг Максим Бакиевга эълон қилган қидируви
Image caption Май ойида Интерпол Максим Бакиевга қидирув эълон қилган

Қирғиз расмийларига кўра, шу йил апрел ойида ҳокимиятдан кетказилган мамлакат собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг ўғли Максим Англияга учиб келган пайтда ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Қирғизистон муваққат ҳукуматининг Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбари Кенишбек Дуйшебаев маълум қилган.

Британия расмийлари ҳамда дипломатик манбалар тасдиқлашларича, собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиев хусусий учоқда Британиянинг Лондонга яқин Фарнборо аэропортига учиб келганида ушланган.

Қурмонбек Бакиев 7 апрел куни ҳукумат кучлари ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувлар натижасида ҳокимиятдан ағдарилган, муваққат ҳукумат мулозимлари собиқ президент ва унинг иттифоқчилари давлатга тегишли 200 миллион доллар маблағни ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетганини даъво қилишган.

Қирғиз мулозимларига кўра, йирик маблағлар собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиев қўлида бўлган, уни давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ва фирибгарликда айблашган.

Май ойи бошида 32 ёшли Максим Бакиев Интерполнинг қидирилаётганлар рўйхатига киритилган.

Апрел ҳодисаларидан кейин Максим Бакиевнинг Латвияда экани борасида хабарлар пайдо бўлган, Қирғизистон прокуратураси Латвиядан ағдарилган президентнинг ўғлини ҳибсга олишда ёрдам сўрашган.

Қирғиз прокурорлари Максим Бакиевнинг Латвияда яширинаётганига ишонишини айтишган.

Прокуратура воизи Латвия икки давлат ўртасидаги келишувга мувофиқ гумондорни ҳибсга олишда ёрдам бериши кераклигини айтган.

Собиқ президентнинг ўзи Беларус Президенти Александр Лукашенконинг "шахсий таклифига биноан Беларусга борганини" айтган, ҳозир Қурманбек Бакиев Беларусда.

Муваққат ҳукуматга кўра, собиқ президент Қурманбек Бакиев ва унинг яқинлари яна ҳокимиятга келишни мақсад қилмоқдалар.

Қирғизистон муваққат президенти Роза Ўтинбоева мамлакат жанубида юзага келган этник зўравонликларда Бакиев тарафдорларини айблаб чиқди.

Расмийларга кўра, бакиевчилар 27 июнда Қирғизистонда мўлжалланган референдум ўтказилишига йўл қўймаслик мақсадида қонли ҳодисаларни келтириб чиқарганлар.

Минскда гапирган Қурманбек Бакиев қонли ҳодисаларга алоқадорлигини рад этган.

Муваққат ҳукумат расмийлари душанба куни Қирғизистондаги сўнгги зўравонликларни келтириб чиқарган таниқли шахслардан бири ҳибсга олинганини маълум қилганлар, бироқ бу шахснинг ким экани ошкор этилмаган.

Муваққат ҳукумат сўзчисига кўра, Бакиев тарафдорлари ёллаган Тожикистон, Афғонистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлган гумондорлар ҳам ҳибсга олинган.