Душанбе-Чаноқ шоҳйўлида газ ортилган автомобил портлаган

Тожикистоннинг Зарафшон водийси минтақасида жойлашган Айний туманидаги Хушекат қишлоғида инсон ҳалокатига олиб борган портлаш юз берган.

Душанбе-Чаноқ йўлида бораётган суюлтирилган метан гази ортган юк машинаси портлаб кетган.

Ҳайдовчи, аслида мамлакат жанубидаги Хатлон вилоятининг Сарбанд шаҳридан бўлган Отамурод Ғуломов портлаш юз берган ерда ҳалок бўлган.

Қаттиқ портлаш натижасида йўл четида бўлган қишлоқ аҳолиси жароҳатланган.

Хушекат қишлоғилик 15 киши маҳаллий беморхонага ётқизилган.

Шифокорларнинг айтишларича, уларнинг тана куйиши даражаси 5 дан 60 фоизгача.

Шунингдек портлаш туфайли йўл четидаги учта турар-жой зарарланган.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва аҳоли мудофааси хизматидан билдиришларича, ҳозирда портлаш сабаби ва у келтирган зарарлар кўлами ўрганилмоқда.

Газ ташувчи машина Душанбедаги "Фароз" ширкатига қарашли бўлган.

Газ Хатлон вилоятидан Хўжанд шаҳрига олиб борилаётган бўлган.

Ҳозирда асосан табиий газ билан ишлайдиган машиналар ҳайдовчилари кейинги бир ҳафтада Шимолий Тожикистонда газ кескин камайиб кетганидан шикоят этишмоқда.

"Мен бир кеча-кундуз навбатда туриб газ олишга муваффақ бўлдим. Ёнилғи бўлмаса машина турган жойида тураверади. Ишламасам, оиламдаги беш жонни ким боқади?", дейди юк ташийдиган машиналардан бирининг ҳайдовчиси.

Хўжанд яқинидаги газ қуйиш нуқталаридан бирида навбат кутиб турган машиналар қатори бир километрдан ошиб кетган.

Устига бензин нархининг қимматлашгани боис ҳозирда ҳатто йўналишли такси ҳайдовчилари бензиндан икки баравар арзонроқ суюлтирилган газ билан ишлашга ўтишган.

Лекин йўловчилар машина ичида бўғувчи газ ҳиди борлигидан шикоят этишади.

"Йўловчилар-ку, тезда тушиб кетишади. Лекин биз кун бўйи бу ёқимсиз ҳидга чидашга мажбурмиз", дейди йўналишли такси ҳайдовчиси.

Кузатувчиларнинг айтишларича, табиий газ портлаши ҳодисалари илгари ҳам юз берган.

Жумладан, газ қуйиш нуқталарида ва турар-жойларда табиий газ портлаши натижасида бир неча инсон ҳаётдан кўз юмган.