БМТ: 275 минг инсон ўз яшаш жойини тарк этди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигига кўра, Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар туфайли ўзларининг яшаш жойларини тарк этган инсонлар сони 275 мингга етган.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ўз ихтиёрида аниқ рақамлар бўлмаса-да, Қирғизистондаги этник зўравонликларда қурбон бўлганлар сони юзлаб эканини айтган.

Қирғизистон расмийларига кўра, қурбонлар сони 170 дан ортган, икки мингга яқин киши яраланган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Қирғизистондаги вазиятни муҳокама этган, кенгаш мамлакат жанубида рўй бераётган зўравонликларни қоралаган.

БМТга кўра, Қирғизистондаги давом этаётган этник зўравонликлар тўхтатилмаса, қўшни мамлакатларга ёйилиши мумкин.

БМТ сўзчиси Руперт Колвилнинг Би-би-сига айтишича, зўравонликлар чегаралардан ошиб ўтса, Тожикистон ва Ўзбекистондаги этник озчиликлар хавф остида қолиши мумкин, айни пайтда бу зўравонликлар Қирғизистондаги бошқа миллий озчиликларни ҳам ўз домига тортиши мумкин.

БМТ мулозими иқтиқболни "қўрқинчли" деб атади.

Жаноб Колвилнинг айтишича, БМТ Қирғизистондаги қотилликлар ва жинсий зўрлашлар аввалдан режаланган ва этник нишонга олингани ҳақидаги хабарларни текширмоқда.

"Биз жуда чуқур хавотирдамиз. Кимлигига қарамасдан, ҳатто болаларни ҳам ўлдиришмоқда. Аёлларни зўралашаяпти. Ҳаммаси миллатига қараб бўлмоқда. Вазият жуда хавфли", деб айтди Руперт Колвил.

Жаноб Колвилга кура, бу зўравонлик атайдан режалаб, амалга оширилган.

"Биз олаётган хабарларга кўра, бу тасодиф эмас. Бу обдон ўйланган, нишонга олинган ва режаланган амал. Ҳозир-ку, буни исботлай олмаймиз, аммо бунинг аломатлари бор. Ва бу аломатлар анагина ишончли. Айниқса, бу минтақанинг портловчи қутидек эканини назарга олсак", деб айтди БМТ вакили.

Россия оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистоннинг Андижон вилоят тиббиёт мулозимларига иқтибосан хабар қилишича, Қирғизистондан ўтган ўзбек қочқинларидан 7400 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат этганлар.

Андижонлик шифокорлар олган жароҳатлари туфайли олти инсон ҳаётдан кўз юмгани ҳақида маълум қилганлар.

Ўзбекистонга 100 минг атрофида қочқин ўтгани хабар қилинган.

14 июн куни кечқурун Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарани ёпишга мажбур бўлгани, ортиқ қочқинларни қабул қилолмаслигини айтган.

БМТ Ўзбекистондан чегараларини очишни сўраган, акс ҳолда қочқинлар ўлим таҳдиди билан юзма-юз келиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Душанба куни кечқурун Қирғизистондаги вазиятни муҳокама этган БМТ Хавфсизлик Кенгаши қон тўкилишига чек қўйишга чақирган, тинч фуқароларга инсонпарварлик ёрдамларини етказишни таъминлашни сўраган.