Россия ва минтақа давлатлари Қирғизистонга ҳарбий жиҳозлар юборади

Қирғиз аскарлари
Image caption Қирғиз ҳукумати Ўш ва Жалолободдаги зўравонликларда собиқ президент оиласи ва тарафдорларини айблайди

Москвадаги дипломатик манбаларнинг Би-би-сига маълум қилишларича, Россия ва минтақадаги бошқа давлатлар этник зўравонликларни тўхтатиш учун Қирғизистонга ўқ-дори ва ҳарбий жиҳозлар беришга келишиб олганлар.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ва Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Москвада Россия мулозимлари билан учрашмоқда.

Қирғизистон элчихонасидаги манбага кўра, келаси икки кун ичида Қирғизистонга бериладиган Россия ҳарбий ёрдами якуний қарори кутилади.

Бу манбага кўра, Россия минтақавий хавфсизлик ташкилоти диорасида қирғизларга ўқ-дори, ҳарбий автомашиналар, ёқилғи ва полиция учун керакли жиҳозларни беради.

Қирғизистон эндиликда тинчликни сақловчи кучлар керак эмас, деб айтмоқда.

Шу боис Россия ва қирғиз мулозимлари тинчликпарвар кучлар киритиш борасида гаплашганлари йўқ.

Россия Ташки ишлар вазири Сергей Лавров матбуот анжуманида гапираркан: "Миллий низолар ортида турган одамларни топишда қирғиз ҳукуматига ёрдам берамиз," деб айтди.

Қирғизистон ҳукумати эса бу зўравонликларда собиқ президент Қурманбек Бакиев ва унинг оила аъзоларини айблаб чиққан.

Бакиев ва унинг яқинлари ўтган апрель ойидаги ғалаёнда қудратдан кетказилди.

Жаноб Бакиев жанубий Қирғизистондаги миллий низоларга алоқаси йўқлигини айтади.