Учинчи тараф шоҳидлари нима дейишади?

Ўш ва Жалолободда кечган миллий зўравонликларга гувоҳ бўлган хорижликлар ҳамда бошқа миллат вакиллари ҳужумларнинг шафқатсизлигидан ларзага тушишганини айтишади. Қуйида бир неча шоҳид ҳикояларини қисқача келтирамиз:

Самия Солангий, Ўшда бўлган Покистон фуқароси:

Мен кўчадаги тўқнашувларни кўрдим. Ҳужумчилар ҳатто болалар ва аёлларга ҳам шафқат қилишмади. Биттаси тўрт яшар болакайни кўтариб, деворга ирғитганига ўзим гувоҳ бўлдим. Бошқа бир болани эса иккинчи қават деразасидан улоқтиришди. Ерга тушгандан кейин ҳам бу бола нафас олаётганини кўриб, яна калтаклашди.

Валентина, Жалолободлик рус аёли:

Ўзбеклар истиқомат қиладиган Бозорқўрғон туманига бордим. Қарийб йигирма минг одам яшовчи бир қишлоқда фақат йигирматача одамни кўрдим. Жалолободдаги Ўзбеклар яшовчи "Хўжа маҳалла"сининг ўзида 20 га яқин одам ўлдирилганини айтишди. Ленин кўчаси, Хўжа ва Сузоқ-маҳалла каби Ўзбек даҳаларига ўт берилган. Келаётган ёрдамлар эҳтиёжмандларга етиб бормаяпти. Масалан, Ўзбеклар ҳамон кўчага чиқиб, ёрдам сўрашдан қўрқишади. Менимча, аввало уйлари ёндирилган одамларга кўмак кўрсатиш зарур. Чунки уйлари куйганлар ё қариндошлариникида, ёки Қирғиз дўстларининг уйларида қолишаяпти.

Анвар, Жалолободда бўлган Афғонистонлик талаба:

Биз университетда эдик. Ўқишдан уйимизга келар-келмас шаҳарда отишмалар бошланди. Қирғизлар Ўзбеклар яшовчи маҳаллаларга ҳамла қилишди. Бир кун биз ташқарига чиқа олмадик. Иккита Афғонистонлик нон олиш кўчага чиқишганди, ушлаб ҳамма нарсаларини тортиб олишган ва ўзларини қаттиқ калтаклашган. Биз уйда одам борлигини билишмасин дея доимо чироқларни ўчириб ўтирдик. Яқинимиздаги бир уйга ўт беришганди, ичкаридан икки яшарча бола ташқарига қочиб чиқди. Ҳалиги ҳужумчилардан биттаси уни ушлаб, осмонга қаратиб, бўғиб ўлдирди. Кўчаларда инсонларнинг ўликлари ётарди. Ҳеч ким уларни йиғиб олишга журъат эта олмасди. Биз 8 киши яшириниб, аэропортга қочишга интилдик. Бизни йўлларда бир неча бор ушлаб, паспортларимизни кўришди ва "Ўзбекмисан?" деб сўрашди. Биз "Йўқ, Ўзбек эмасмиз, афғонистонлик талабалармиз", дедик. Шаҳарга юборилган аскарлар эса тинчлик сақлаш ўрнига, ҳужумчиларга ёрдам беришди. Шифохоналардаги докторлар ҳам Ўзбекларга тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортишгани ҳоллари бўлди. Қирғиз тарафидан ҳам талофотлар бор, лекин жуда оз.