БМТ: 'Қирғизистонлик бир миллион жабрдийдага ёрдам керак бўлиши мумкин'

Ўш

БМТнинг айтишича, Қирғизистонда кечган бир неча кунлик миллий низолар ортидан бир миллион кишига ёрдам керак бўлиши мумкин.

Халқаро ташкилотнинг Женевадаги идорасининг билдиришича, сўнгги рақамлар қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтган, Қирғизистоннинг ичкарисида ўз турар-жойларини ташлаб чиққан ва миллий низолардан у ёки бу кўринишда зиён чеккан инсонларни назарда тутади.

БМТ жорий пайтда Ўзбекистондан бошпана топган 100.000 мингга яқин қирғизистонлик ўзбек қочқинларига инсонпарварлик ёрдамлари етказишни бошлаган.

Инқироз кўлами ойдинлашиб борар экан, БМТга кўра, бир миллион кишига ёрдам зарурлиги аён бўлган.

Халқаро ташкилот ҳисоб-китобларидан маълум бўлишича, Қирғизистоннинг ичкарисида ҳам вақтинчалик бошпанасизларнинг сони бир неча юз мингга етган. Улардан аксарияти хотин-қиз ва болалардир.

Ёрдам ходимларига кўра, шафқатсиз зўравонликларга гувоҳ бўлган айрим инсонларга руҳий ва тиббий ёрдам ҳам керак бўлиши мумкин.

Бироқ Қирғизистон жанубида вазият ўта танглигича қоларкан, у ерга ёрдам ташкилотларининг киришлари қийин бўлмоқда.

БМТга кўра, мазкур минтақаларда озиқ-овқат, тоза ичимлик суви ва дори-дармонга фавқулодда эҳтиёж бор.

Ҳозир халқаро ташкилотнинг махсус гуруҳи хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун Қирғизистон жанубида ўз фаолиятини бошлаб юборишган.

БМТнинг билдиришича, Қирғизистон жанубига ўз инсонпарварлик ёрдамларини шу дам олиш кунларида юбориш режасидадир.