Қирғизистондаги ҳодисалар жаҳон матбуоти нигоҳида қандай акс-садо топмоқда?

Рўзномалар
Image caption Қирғизистондаги воқеалар жаҳон матбуоти нигоҳида ҳам алоҳида эътибор топган

Бутун жаҳон мартбуоти эътибори ўтган ҳафта давомида Қирғизистондаги қонли ҳодисаларга қаратилди. Ҳозирда бу минтақада бўлган ғарблик кўплаб мухбирлар ҳодисаларни ёритишда давом этмоқда. Жаҳоннинг етакчи рўзномаларда Қирғизистонга оид воқеалар асосий ўринни эгаллаган.

Британияда чоп этилувчи "Файненшл Таймс" рўзномасининг ёзишича, Россия Қирғизистонга тинчликни сақлаш қўшинлари ўрнига ғалаёнларни назорат қилувчи мутахассисларни юборишни ўйламоқда. Ушбу режа Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотининг Бош котиби Николай Бордюжа томонидан эълон этилган. "Файненшл Таймс"нинг ёзишича, ушбу муросали қадам орқали Россия собиқ Шўро ҳудудларида ўз таъсирини ёйиш учун имкон беради.

"Экономист" журналида ҳам Қирғизистон мавзуси муҳим ўрин топган. "Сталиннинг сўнгги қурбонлари " деб номланган мақолада, "Сталин қолдирган мероснинг талофатлари бу гал қирғизистонлик ўзбеклар бўлишди," деб ёзилади. "Экономист" мақоласида "погром", яъни ёппасига ўлдириш ва талон-тарож қилиш сўзи ишлатилган бўлиб, бунинг устига оғир иқтисодий аҳвол ва радикал исломий қарашлар можаронинг ёйилиб кетишига олиб келиши мумкин, дейилади.

Мақоладан иқтибос келтирилади: "Бу икки миллат орасидаги кескинликларнинг бирданига портлаб кетиши эмас, апрел ойида Россия Президенти Дмитрий Медведев Қирғизистон иккинчи Афғонистон бўлиши эҳтимоли билан огоҳлантирганди. Россия раҳбарияти Қурманбек Бакиев қонли тўқнашувлар ортидан қудратдан четлатиши натижасида ҳокимиятга келган муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлашини билдирганди. Россия башоратлари рўёбга чиқадигандек кўринмоқда. Ва агар минтақа қонга ботиб кетса, Афғонистонда барқарорликка эришиш умидлари узоққа чўзилиши мумкин". "Экономист" журнали муваққат ҳукуматни танқид қилиб, бу раҳбарларнинг ҳам айби бор, улар демократик ислоҳотлар ўрнига душманларни қидира бошлашди, деб ёзади."

Президент Дмитрий Медведев Қирғизистон борасидаги қарашларини Америкада чиқадиган "Уол стрит жоурнал"га ҳам билдирган. Унинг огоҳлантиришича, Қирғизистонда дунёвий ҳукуматнинг ҳукмронлиги мустаҳкамланмаса, Толибон услубидаги бошқарув ўрнатилиши мумкин. Энг даҳшатли сценарий - бу исломий радикалларнинг қонуний йўллар орқали ҳокимиятга келишидир. Бу барча Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия учун ўта хавфли бўлиши мумкин, дейилади. The Wall Street Journalsнинг ёзишича, жаноб Медведев инсоний фожеага тезроқ барҳам берилишига ишонишини айтиб, Ўзбекистоннинг бу можарода мувозанатли мавқеъ намоён этгани учун олқишлади.

АҚШда матбуот воситалари , хусусан, "Нью Йорк Таймс" рўзномасида маҳаллий хавфсизлик кучлари Ўзбек жамоасига қарши ҳаракатларда иштирок этгани борасидаги тахминларни ўрганиб чиқишга ҳаракат қилган. Мақолада ёзилишича, юзлаб одамларнинг умрига зомин бўлган қонли зўравонликлар тасодифий бўлганми ёки бу ағдарилган президент Бакиев тарафдорлари томонидан ташкиллаштирилганми, деган савол ҳанузгача очиқ қолмоқда. Шойтубе аҳолиси ва кўплаб гувоҳларнинг берган ҳисоботларига кўра, бу қирғинлар яхши уюштирилгани ва қирғиз ҳукумати ҳамда ҳарбийлар орасида шубҳали унсурлар борлигига ишора этади. Шундай бўлса, ҳарбийларнинг бир қисми мазкур зўравонликларда иштирок этгани қирғиз муваққат ҳукумати вазиятни юз фоиз назорат қилмаётганига далолат қилади.

"Нью Йорк Таймс"нинг ёзишича, зўравонликларда фақат Бакиевни айблаши билан муваққат ҳукумат ҳарбийлар иштирок этгани борасидаги тахминларни рад қилмоқда.

Америка матбуотининг бошқа рўзномаси, "Вашингтон Пост"да Қирғизистон хавфсизлик кучлари борасида мақола чоп этилган. Газета қирғиз ички ишлар вазири ўринбосари Бакитбек Алимбеков ва Ўш вилоятининг юқори лавозимли зобитларидан бирининг сўзларига иқтибосан, Ўш ўзбеклари шаҳар бўйлаб ҳарбийлар жойлаширилганидан бохабар бўлганликларини тан олишганини ёзади. Бироқ терговчилар бирорта аскар ёки милиция ходими зўравонликларда иштирок этгани борасида ҳеч қандай далил топмай, ҳарбий форма ва қуролларни зўравонликларни тайёрлаган шахслар оломонга тарқатган деб ёзади. Унинг давом этишича, оломон зўравонликларнинг биринчи кунларидаёқ ҳарбий машиналарни қўлга киритишга муваффақ бўлган.