Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўш ўзбеклар учун ҳамон хавфсиз эмас'

Қирғизистон муваққат ҳукумат матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Ўш, Ўзген, Қорасув ва Аравон шаҳарларида фавқулодда вазият 25 июнга қадар узайтирилган.

Ҳукумат шунингдек, Ўшда тунги комендантлик соатини кучайтиришини айтган.

11 июнда жорий этилган фавқулодда ҳолат муддати якшанба куни тугаши керак эди.

Шанба куни қирғиз хавфсизлик кучлари Ўшдаги ўзбек аҳолиси томонидан қурилган баррикадаларни олиб ташлашини айтган.

Гувоҳларга кўра, якшанба куни Ўшнинг Навоий кўчасидан кесилган дарахтлар, юк машинаси ва автобус олиб ташланган, бир неча дўконларнинг қайта очилгани айтилади.

Зирҳли ҳарбий машиналар ўзбеклар ўзларини ҳимоя қилиш учун қўйган дарахтлар, ёқилган машиналар, бетонлардан иборат тўсиқларни олиб ташламоқда.

Баррикадаларни олиб ташлаш ишлари аввал хавотир билдирилганининг аксига анча осойишта ўтаётгани айтилади.

Айрим маҳаллаларда ўзбекларнинг ўзлари баррикадаларни олишда ёрдам беришган.

Қирғиз расмийлари шаҳарда одатий ҳаётни қайта тиклаш учун баррикадалар олиб ташланиши кераклигини айтишган.

Улар маҳаллий вақт билан якшанба куни кечки соат 6 га қадар баррикадалар олиб ташланмагани тақдирда уларни куч билан олишини айтган.

Айни пайтда шаҳардаги ўзбеклар зўравонликларнинг кучайишидан хавотир билдиришмоқда.

Якшанба куни Би-би-сига гапирган ўзбеклардан бири ҳануз уйларидан чиқишга қўрқаётганларини айтди.

Рейтер хабар агентлиги ҳеч қачон уйларин талаб чиқмасликларини айтган ўшлик ўзбеклар вакилининг "керак бўлса, шу ерда ўламиз" деган сўзларини келтиради.

Ўшликлардан бири Би-би-сига сўнгги вазият ҳақида гапириб берди.